ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИ УЧУН ИМТИЁЗЛАР ЯНАДА КЕНГАЙТИРИЛМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда Солиқ кодексида тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг эркинлигини таъминлашга қаратилган бир қатор нормалар белгилаб қўйилган.

Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини барқарорлик рейтинги асосида баҳолаб бориш тизими йўлга қўйилган. Ушбу рейтингни йўлга қўйишдан кўзланган асосий мақсад тадбиркорлик фаолиятида ноқонуний ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда ўз фаолиятини виждонан ва қонунларга оғишмай амал қилган ҳолда юритиб келаётган тадбиркорларга қўшимча имтиёзлар яратишдан иборатдир. Бу каби мақсадларни амалга ошириш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 15 ноябрдаги ЎРҚ-1000-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Мазкур Қонун билан солиқ органлари томонидан тадбиркорлик субъектларига хизматлар кўрсатиш жараёнида юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорларга бир қатор енгилликлар яратилди.

Хусусан, эндиликда юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқлар бўйича ортиқча тўланган суммани қайтариш 3 кунлик муддатда амалга оширилиши белгиланди. Мазкур норма қўшилган қиймат солиғи бўйича ортиқча тўловларни қайтариш жараёнига нисбатан татбиқ қилинмайди.

Ушбу норма солиқ органлари томонидан тадбиркорлик субъектларига хизматлар кўрсатиш муддатини янада қисқартиради ва кўрсатиладиган солиқ хизматлари сифатини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, барқарорлик рейтингида “ААА” тоифадаги тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқ текширувлари ўтказилмаслиги ва мазкур тоифадаги тадбиркорлик субъектларига қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш текширувлар ўтказилмасдан 1 кунлик муддатда амалга оширилиши ҳам белгилаб қўйилди. Мазкур имтиёз фақатгина жиноий ишлар доирасида текширувлар ўтказиш жараёнига нисбатан татбиқ қилинмайди.

Тадбиркорлик субъектларига берилган ушбу имтиёзлар тадбиркорлик фаолиятида ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олади ҳамда барқарор рейтингга эга бўлган тадбиркорларни жиноий ҳолатлардан ташқари ҳар қандай солиқ текширувларидан озод қилади. Бу каби имтиёзларга эга бўлиш учун тадбиркорлик субъектларидан фақатгина ўз фаолиятида қонун ҳужжатларига оғишмай риоя қилиш ҳамда солиқ қонунчилиги талабларини қонуний тарзда бажариб бориш талаб этилади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу Қонуннинг моҳияти ўта барқарор фаолият юритиб келаётган тадбиркорлик субъектларига давлат томонидан ҳам юқори ишонч билдирилиши ҳамда уларнинг фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб борилишидан иборатдир.

ДИЛМУРОД ЖУМАЕВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси