ТАДБИРКОРЛИККА КЕНГ ИМКОНИЯТЛАР ЯРАТИЛМОҚДА

Аҳолини тадбиркорликка жалб қилишни янада жадаллаштириш, тадбиркорлик ташаббусини амалга ошириш учун қулай ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий шарт-шароитларни таъминлаш, республикамиз тадбиркорлик субъектларининг халқаро ишбилармонлик ҳамжамиятига интеграциялашувини кенгайтириш борасидаги Савдо-саноат палатаси фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 23 январь куни ПҚ-15-сон “Савдо-саноат палатаси фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарор кўра, микро, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари Савдо-саноат палатаси аъзолигига текин қабул қилинади.

Шу билан бирга, Савдо-саноат палатасига бир қатор ваколатлар берилди.

Жумладан, палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб Олий судга ариза бериши ҳамда иқтисодий, маъмурий, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриб чиқиш юзасидан шикоят киритиши мумкин.

Шунингдек, 2023 йил 1 февралдан микро, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари Палата аъзолигига, аъзолик ва кириш бадалларидан озод қилинган ҳолда, текин қабул қилиниши белгиланган.

Палата тадбиркорларнинг манфаатларида судларга тақдим этадиган ариза, даъволар ҳамда апелляция ва кассация шикоятлари бўйича давлат божи тўловларидан озод этилади.

Мазкур Қарор билан палатанинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида жамоатчилик асосида камида 20 нафар илғор тадбиркорлардан иборат Тадбиркорлик кенгашлари ташкил этилди.

Бу қарордан кўзланган асосий мақсад шуки, мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя этилишда Савдо саноат палатасининг ролини янада оширишдан иборатдир. Бу эса мамлакатда соғлом тадбиркорлик муҳини ва фаол инвестициявий шароитни яратишга хизмат қилади.

Меҳриддин Холбеков

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси