Тадбиркорлар ҳуқуқлари бузилишига оид айрим ҳуқуқбузарликлар Бизнес-омбудсман томонидан кўриб чиқилади
Мамлакатимизда тадбикорлик фаолиятининг тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминлаш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Мазкур ислоҳотларни изчил давом эттириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида 2022 йил 11 январь куни “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245 ва 2458-моддаларига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги ЎРҚ 744-сонли қонуни қабул қилинди.
Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра қуйидаги ҳуқуқбузарликларга оид ишлар Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва унинг девони ходимлари томонидан кўриб чиқилади:
– жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш (тадбиркорлар мурожаатлари қисмида)
– ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш (тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари бузилиши қисмида)
– хусусий мулк ҳуқуқини бузиш
– тадбиркорлар фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузиш
– тадбиркорлар фаолиятини ва (ёки) уларнинг банк операцияларини қонунга хилоф тўхтатиб туриш
– тадбиркорларни ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш
– имтиёзлар ва преференцияларни қўллашни ғайриқонуний рад этиш, қўлламаслик ёки қўллашга тўсқинлик қилиш
– тадбиркорлар ҳисобварақларида пуллари мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни қонунга хилоф талаб қилиб олиш
– тадбиркорлардан қонунчиликни бузган ҳолда ҳужжатлар талаб қилиб олиш.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил номидан маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқишга ҳамда жарима қўллашга унинг ўринбосарлари ва Вакил девони бош инспекторлари ҳақли.
Зокир Тожиев
Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьяси