ТАДБИРКОРЛАР ҲУҚУҚИЙ ҲИМОЯСИНИНГ ТАКОМИЛЛАШУВИ
Юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишнинг ҳуқуқий ва иқтисодий механизмларини такомиллаштириш, кичик бизнес фаолияти самарадорлигини ошириш, кичик бизнес учун қулай муҳитни яратиш, тартибга солишнинг пул-кредит механизмларидан самарали фойдаланиш, янги иш ўринлaрини ярaтиш вa aҳoлини фаоллаштириш муҳим аҳамиятга эга.
Бугун ўз бизнесини йўлга қўйиб, ўзи, оиласи, маҳалла, эл-юрт фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган, иқтисодиётимиз тараққиётига хизмат қилаётган тадбиркорлар, хусусий корхоналар сафи тобора кенгаймоқда. Юртимиз аҳолиси ўртасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга қизиқиш тобора ортиб бормоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва бунёдкорлик салоҳиятини қўллаб-қувватлаш орқали аҳолига муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бандликни таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Шу билан бирга, олиб борилган таҳлил натижалари жойларда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бу орқали янги иш ўринларини яратиш, бандликни таъминлаш, ўз меҳнати билан даромад топиш истагида бўлган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиш, меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш ишлари талаб даражасида эмаслигини кўрсатмоқда.
Меҳнаткаш халқимизнинг қадимий касб-ҳунар анъаналари, ишбилармонлик салоҳияти оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик ва бошқа тадбиркорлик фаолияти турларини кенг оммалаштириш, экин майдонларидан унумли фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун катта тажриба ва захира мавжудлигидан далолат беради.
Ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 июнь кунидаги «Ҳар бир оила-тадбиркор» Дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги ПҚ-3777-сон қарори қабул қилинди.
Хусусан, мазкур қарор асосида асосида оилавий бизнес юритиш шарт-шароитларни янада яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантиришга оид ислоҳотларни изчил давом эттириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш, уларни зарур молиявий ва инфратузилмавий ресурслар билан таъминлаш ҳамда солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш юзасидан бир қатор чор-тадбирлар белгиланди.
Қайд этилганлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, қабул қилинган мазкур ҳужжатлар хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай
шарт-шароитлар яратишга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга йўналтирилган ва ушбу соҳада давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишидан далолат беради.
Шунингдек, қабул қилинган мазкур ҳужжатлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмасликни энг муҳим устувор йўналиш ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида мустаҳкамлайди. Хулоса ўрнида айтганда, ривожланиш стратегиямизнинг реал натижаларида, барча соҳада қўлга киритаётган залворли ютуқларимиз моҳияти ва аҳамиятида “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало, инсон манфаати учун” тамойилининг устуворлигини кўрамиз. Ишбилармонлик салоҳиятини ривожлантириб, шу орқали жамият ва давлат равнақига ҳисса қўшаётган тадбиркорларимиз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясининг такомиллашуви замирида ҳам ана шу олижаноб мақсад мужассам. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, тадбиркорлар фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашув иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича давлат сиёсатига қарши қаратилган ҳаракат ҳисобланади ва бу борада мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш биринчи даражали аҳамиятга эга бўлиши лозим. Мана шу ҳақиқатни ҳар бир назорат органи ходимининг онгу шуурига чуқур сингдиришга қаратилган ишларимизни янада кучайтириш айни муддаодир.
Зухриддин Мавлонов
Сурхондарё вилоят суди судьяси