“ТАБИАТНИ АСРАШ – БИЗНИНГ БУРЧИМИЗ”

Она табиат яратган томонидан инъом этилган буюк неъмат, шу сабабли биз уни асраб-авайлашимиз керак.

Табиатни асраш, унга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳақида қонунчиликда ҳам бир қатор нормалар келтирилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Мисол учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддасида Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш, – фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача, мансабдор шахсларга эса – эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ўз ҳудудида биноларни, иншоотларни ёки бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш чоғида белгиланган талабларни бузиб, кимёвий, биологик воситаларни қўллаган ҳолда дарахтларни, буталарни ёки бошқа ўсимликларни қасддан шикастлантириш, пайҳон қилиш ёки йўқ қилиш, -фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз беш бараваридан эллик бараваригача, мансабдор шахсларга эса – олтмиш бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади деб кўрсатилган.

Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 88-моддасида Қурилиш ишларини ва бошқа ишларни бажариш чоғида ёнилғи моддаларни ва қурилиш материалларини бир жойга тўплашда, ушбу моддалар ва материалларни, шунингдек ёқилғи ҳисобланмайдиган материалларни ёқишда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя этмаслик, махсус техник қурилмаларни қўлламасдан битумни эритиш – фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса – бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилгандан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса – уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Дала ва аҳоли пунктларида анғиз, хазон ва шох-шаббаларни ёки ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбориш, атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантиришга олиб келса, – фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса –  беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, – фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Шу каби, мазкур кодекснинг 89-моддасида Ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини, уларнинг ўсишини тезлаштирувчи воситаларни, минерал ўғитларни ҳамда бошқа дориларни, шунингдек кучли таъсир этувчи заҳарли моддаларни ва буғланувчан бирикмаларни ташиш, сақлаш, улардан фойдаланиш, уларни қўллаш ҳамда улардан бўшаган идишларни зарарсизлантириш қоидаларини тупроқнинг, сувнинг, атмосфера ҳавосининг ифлосланишига ёки ўсимликлар, ҳайвонот дунёси йўқ қилиб юборилишига олиб келиши мумкин бўлган тарзда бузиш – фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса – бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши  белгиланнган.

Таъкидлаш керакки, экология – умумхалқ масаласи. Уни бутун жамият, ҳар бир фуқаро ўз масъулиятини ҳис этган ҳолда асраб авайлашлари лозим.

БЕКЗОД ТАГАЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман суди раиси