Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан ташкил этилган семинарда иқтисодий судлар иш юритувида бўлган тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар таҳлил қилинди

Семинарда иқтисодий ишлар бўйича судьялар, вилоят Адлия ва солиқ бошқармаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси масъуллари ҳамда Ўзбекистон Суд бошқарувчилари ассоциацияси Сурхондарё вилоят бўлими, вилоятдаги барча суд бошқарувчилари иштирок этди.
Вилоят суди раисининг ўринбосари – иқтисодий судлов ҳайъати раиси З.Рустамов сўзга чиқиб, туманлараро иқтисодий судлари иш юритувида бўлган ва тугатиш ишлари муддати бир йилдан ошган тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар танқидий таҳлил қилиниб, мазкур ишларни Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуни талаблари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 23 июндаги “Иқтисодий судлар томонидан “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 13-сонли қароридаги раҳбарий тушунтиришлар асосида олиб бориш, белгиланган муддатларга қатъий риоя қилиш, тўловга қобилиятсизлик таомилларини қонунчилик талаблари асосида амалга ошириш ҳамда бунда тадбиркорлик субъектларини молиявий жиҳатдан соғломлаштириш ҳамда уларнинг фаолиятини тиклашга алоҳида эътибор қаратилиши лозимлигини билдирди.


Семинарда иштирокчилар амалий вазиятлар асосида янги ёндашувларни муҳокама қилиб, суд қарорларининг қонуний, асосли ва адолатли бўлишида юқорида келтирилган Пленум қарори муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлашди.
Бундан ташқари, ушбу семинарда тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларни юритишда амалиётда юзага келаётган муаммоли масалалар қизғин муҳокама қилинди.


Якунда амалиётда якдил ёндашувни шакллантириш, иш юритишда шаффофлик ва холисликни таъминлаш, шунингдек, тўловга қобилиятсизлик бўйича қонун нормаларини тўғри таҳлил қилиш юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида аниқ вазифалар белгилаб олинди.
ЗОИР РУСТАМОВ,
Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси






