Сурхондарё вилоят судида кўп квартирали уйларда жойлашган уй-жой ҳамда нотурар жой мулкдорлари ва уй-жойни бошқариш органлари ўртасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича семинар ташкил этилди

Семинарда Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьялари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро-туман судлари судьялари, вилоят маъмурий суди судьялари, вилоят прокуратураси масъул ходимлари, туман-шаҳар бошқарув сервис компания раҳбарлари иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 47-моддасига муфовиқ, ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга.  Давлат уй-жой қурилишини рағбатлантиради ва уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратади.

Ижтимоий муносабатлар тизимида хусусий мулк тушунчаси жумладан, кўчмас мулкдан иборат уй-жой ва нотурар жойлар тушунчаларни пайдо бўлиши ҳамда жамият ҳаётига чуқур кириб бориши ўз-ўзидан биринчи навбатда мазкур жараённи ҳуқуқий нормалар орқали тўғри ва тўлиқ тартибга солиш заруратини юзага келтиради.

Давлат уй-жой қурилишини рағбатлантириш ва уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун шарт-шароитларни яратиш мақсадида охирги йилларида  мамлакатимизда аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида кўп қаватли яъни кўп квартирали мингдан зиёд турар-жойлар барпо қилиниб, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи қондириб келинмоқда.

Ўз-ўзидан кўп қаватли кўп квартирали уйлардаги умумий фойдаланишдаги шунингдек, кўп квартирали уйга туташ ер участкаларининг санитария ҳолати ва ободонлаштирилиши учун алоҳида эътибор талаб қилади.

Шу боисдан, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодекси, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 7 ноябрдаги “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги ЎРҚ-581-сонли қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 15 августдаги “Кўп квартирали уйларни бошқаришни янада самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-278-сонли қарорининг қабул қилиниши кўп квартирали уйларни айниқса, улардаги умумфойдаланишдаги жойлар ва уйга туташ ер участкаларини бошқариш соҳасида уй-жой ҳамда нотурар жой мулкдорлари, шунингдек уй-жойни бошқариш органлари ўртасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларни аниқ белгилаб берди.

Уй-жой инсон ҳаётининг узвий ва ажралмас бир қисми бўлганлиги учун кўп квартирали уйларда жойлашган уй-жой ҳамда нотурар жой мулкдорлари ва уй-жойни бошқариш органлари ўртасидаги муносабатларидан келиб чиқадиган низоларни ўз вақтида кўриб, қонуний ҳал этилиши муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташаббусига кўра “Кўп квартирали уйларда жойлашган уй-жой ҳамда нотурар жой мулкдорлари ва уй-жойни бошқариш органлари ўртасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича” амалий қўлланма ишлаб чиқилди.

Мазкур қўлланма кўп квартирали уйларда жойлашган уй-жой ҳамда нотурар жой мулкдорлари ва уй-жойни бошқариш органлари ўртасидаги муносабатларидан келиб чиқадиган низоларни амалдаги қонунчиликни бир хилда қўлланилишини таъминлаш, шунингдек судларда ушбу тоифа низолар юзасидан ягона суд амалиётини жорий этиш мақсадида айнан кўп квартирали уйларни бошқариш органлари масъуллари ҳамда фуқаролик ишлари бўйича судлар судьялари учун хизматда фойдаланиш учун зарур ҳисобланади.

Бугун ташкил этилган семинарда вилоят суди судьяси Шерали Тогоев томонидан айнан ушбу қўлланмада юқоридаги низоларни ҳал этишда суд амалиётида қўлланилиши лозим бўлган қонун хужжатларидан ташқари, бошқарув органларини уй-жойлар мулкдорлари томонидан танланиши, улар ўртасида тузилиши лозим бўлган шартномалар, шартномаларнинг тузилиш тартиблари, шартномаларга кўра тарафларнинг ўзаро шартномавий ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ушбу соҳани тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари, судларга ариза ва даъво аризаларни беришга ваколатли шахслар, ариза ва даъво аризаларнинг намуналари, уларга илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар, давлат божидан иборат суд ҳаражати юзасидан берилган имтиёзлар, ариза ва даъво аризаларининг судловга тегишлилиги, уларни қайтарилиши ёки қабул қилишдан рад қилинишига асос бўлувчи ҳолатлар, судларда суд буйруғи тартибида ҳамда даъво тартибида иш юритиш жараёнлари батафсил ёритилганлиги тушунтириб берилди.

Семинар якунида ушбу соҳада йўл қўйилаётган ҳамда фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган хато ва камчиликлар, мавжуд муаммолар, келгусида уларни бартараф қилиш учун амалга оширилиши лозим бўлган зарурий ечимлар ҳақида фикрлар алмашилди.

Фикримизча ушбу қўлланма келгусида мазкур йўналишдаги бошқарув органлари масъуллари ва судьялар учун ўз фаолиятларида дастурул амал бўлиб хизмат қилади.

БАХОДИР ДЖУМАЕВ,

Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари –

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси