СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТ МАЪМУРИЙ СУДИДА АМАЛИЙ СЕМИНАР БЎЛИБ ЎТДИ

Сурхондарё вилояти маъмурий судида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан маъмурий судлар фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан жорий этилаётган янги институтлар, уларни амалиётда қўллашга доир амалий семинар бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори ижроси бўйича Судьялар олий кенгаши ва Олий суд судьялари, маъмурий судлар раислари ва судьялари, Судьялар олий мактаби профессор ўқитувчилари, прокуратура, адвокатура, солиқ, божхона, кадастр, ҳокимиятлар, пенсия жамғармаси, бошқа давлат, давлат ва нодавлат органлар вакиллари иштирок этишди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари самарали ҳимоясини таъминлашда тизимли ислоҳотлар амалга оширилди. Илк маротаба маъмурий судлар ташкил қилинганлиги фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари устидан судга шикоят қилишга оид конституциявий ҳуқуқларини таъминлашда муҳим қадам бўлди.
Ўтган даврда маъмурий судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари тикланганлиги ҳам маъмурий судларнинг қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишда муҳим институт сифатида шаклланганлигини кўрсатмоқда.
Бу борада маъмурий судлар зиммасига шикоятларни кўриб чиқишда «фаол иштирок этиш» тамойили асосида низони тўғри ҳал қилиш учун далилларни мустақил йиғиш мажбурияти юклангани, суд қарори ижросини таъминламаган мансабдор шахсларга жарима қўллаш ваколати берилгани ҳам ушбу институт такомиллашиб бораётганлигидан далолат беради.

Семинарда Сурхондарё вилоят маъмурий суди биносидан суд раислари, судьялар ва мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этишди. Ушбу семинарда Президент қарори ижроси юзасидан маърузалар қилинди ҳамда семинар бахс ва мунозараларга бой бўлиб, семинар сўнгида қонунчилик ва амалиётни ривожлантиришга қаратилган хулосалар олинди.
БОБИР МУИНОВ,
Сурхондарё вилоят маъмурий суди судьяси