Суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш муҳим вазифа.

«Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда
адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак».
Ш.М.Мирзиёев
Суд ҳокимиятининг мустақиллигини амалда таъминлаш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигига эришиш, шунингдек уларнинг ролини ошириш мақсадида юртимизда бир қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда ва бу ўзгаришлар ҳуқуқий хужжатлар билан мустаҳкамланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли Фармони бу борадаги катта қадам бўлди.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш вазифаси судлар зиммасига юклатилгани сабабли, уларнинг мустақил, холис ва адолатли фаолият юритишига алоҳида эътибор қаратиш лозимдир.
Мамлакатимизда судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, суд кадрларини танлашнинг демократик ва шаффоф механизмини шакллантириш бўйича тизимли ишлар жорий этилмоқда. Ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида 2017 йилда Олий суд ва Олий хўжалик суди фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди. Судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, бу борада очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизимини яратиш учун Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши таъсис этилди.
Судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш йўлида муҳим чоралар кўрилмоқда, хусусан сайёр суд мажлислари ва сайёр қабуллар ўтказиш мунтазам йўлга қўйилиб, оммавий ахборот воситалари билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилмоқда ва очиқ суд мажлисларида жамоатчиликнинг иштироки таъминланмоқда.
Фармон талабига мувофиқ, 2021 йил 1 январдан вилоятлар миқёсидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилди. Бу жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, уларнинг судларга мурожаат этишини соддалаштириш ҳамда сарсон-саргардонликни олдини олишга қаратилгандир.
“Бир суд – бир инстанция” тамойили халқаро тажрибада синалган, умумэътироф этилган дунёда энг мақбул суд тизими ҳисобланади. Бу тамойилга кўра, суд иш юритувига келиб тушган ҳар қандай иш уч босқичда якунига етади. Шу уч босқичда ҳар қандай иш ўзининг қонуний ечимини топади ва назорат тартибида ишларни кўриш амалиётидан тўлиқ воз кечилади.
Суд мустақиллигини амалда таъминлаш мақсадида, прокурорнинг айрим ҳуқуқлари чекланди. Ҳозирги кунда прокурор суднинг ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ва қарори бўйича ишларни фақат ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаат этган тақдирда, суддан чақириб олиб, ўрганиши мумкин. Бошқа ҳолларда прокурор ишларни чақириб олишга ҳақли эмас.
Шу билан бирга, прокурорнинг фуқаролик ва иқтисодий ишларни кўришдаги иштироки ҳам қатъий чегараланди. Агар ишлар бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган бўлса, қонунда назарда тутилган истиснолардан ташқари, прокурор ўз ташаббуси билан ишларни кўришда қатнаша олмайди. Бошқача айтганда, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ўртасидаги низоларни ҳал этишда прокурорнинг иштироки истисно этилди.
Мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш, чет эл ва маҳаллий инвестор ва инвестицияларини янада кўпроқ жалб этиш, инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, уларнинг ишончини мустаҳкамлаш мақсадида, Олий суд тизимида ихтисослаштирилган судлов таркиби фаолияти йўлга қўйилди ҳамда унинг зиммасига йирик инвесторларнинг (20 миллион доллардан кўп инвестиция киритган) ва давлат органлари ўртасидаги инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш вазифаси юклатилди.
Энди йирик инвесторлар, ўз хоҳишига кўра, бевосита Олий суд Судлов таркибга ёки умумий тартибда вилоят судларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Бошқа инвесторлар эса, ўз хоҳишига кўра, бевосита Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судига ёки умумий тартибда туманлараро иқтисодий судларга мурожаат қилиши мумкин.
Инвестициявий низолар бўйича судлов таркибнинг ташкил этилиши натижасида инвесторлар ўз низоларини ҳал қилиш учун турли суд инстанциялари сарсон бўлиб юришининг олди олинди. Бундай кафолатли суд ҳимояси чет эллик инвесторларнинг ишончини мустаҳкамлаш орқали мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлиги янада ошишини таъминлайди.
Судлар фаолиятига ахборот коммуникация технологияларини янада кенг жорий этиш долзарб вазифаси ҳисобланади ва буни руёбга чиқариш учун судлар фаолиятига «Адолат» ахборот тизимлари комплекси жорий этилади. Бу комплекс ёрдамида қуйидаги имкониятлар яратилади:
1. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлик тузилмалари ҳамда адвокатлар судларга фақат электрон шаклда мурожаат қилиш (инсон омили камайиб, ишлаш тизими осонлашади);
2. Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари жиноят ишлари бўйича ва маъмурий судларга ахборот тизими орқали электрон мурожаат қилиш (бу ҳаражатларни қисқариши ва қоғозвозликни олдини олади);
3. Мурожаатлар ҳолатини онлайн тарзда кузатиб бориш (ҳар бир мурожаат ўз вақтида, сифатли кўриб чиқилиши ва бу жараёнда мурожаатчини иштирок этиш имконини беради);
4. Судлар томонидан тарафларга маълумотларни электрон шаклда юбориш (тез ва сифатли ахборот (маълумот) имконини беради);
5. Суд ҳужжатларини ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда автоматлаштирилган равишда шакллантириш.
Олий суднинг my.sud.uz интерактив хизматлар порталида «Суд хабарномаси» хизмати жорий қилиш орқали, ишда иштирок этувчи шахслар суд хабарномаларини инсон омилисиз олиш имконияти яратилди.
Судларда иштирок этувчи шахсларга суд ҳужжатларини электрон шаклда, шунингдек, «SMS» (2021 йил 1 октябрдан) хабар ҳамда электрон почта манзилига юбориш орқали уларни хабардор қилиш тизимини йўлга қўйилди.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, мазкур Фармон судьяларнинг чинакам, ҳақиқий мустақиллигини таъминлашга, одил судлов даражасини ошишига, иқтисодий процессуал қонунчиликнинг умумэътироф этилган халқаро меъёр ва қоидаларга мувофиқлашувига, суд ишларининг ҳолисона ва адолатли ҳал этилишига, суд қарорлари қабул қилиниши билан унинг ижро қилиниши ўртасидаги муддатлар сезиларли даражада қисқаришига ҳамда ҳуқуқий аниқлик принципи амал қилишига мустаҳкам кафолат бўлди. Суд тизимида ахборот технологияларни кенг жорий этилиши фуқароларга ва тадбиркорлик субъектларига судга мурожаат қилишда кенг қулайликлар билан бирга, уни ҳал этиш жараёнида бевосита иштирок этиш имконини беради.
Тўра Алимардонов
Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьяси