СУД ҚАРОРЛАРИ – ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ ВА АДОЛАТНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ АСОСИЙ КАФОЛАТИ

Мамлакатимизда суд ҳокимияти давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи сифатида фаолият юритиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда жамиятда адолат тамойилларини қарор топтиришда ҳал қилувчи ўрин тутади. Ўзбекистон Республикаси Олий суди тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар одил судлов сифатини ошириш, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқароларнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган.
Суд қарорлари – бу фақатгина муайян иш бўйича чиқарилган ҳукм ёки ажрим эмас, балки қонун нормаларининг амалдаги ифодаси, адолатнинг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган шаклидир. Ҳар бир суд қарори орқали қонун устуворлиги таъминланади, жиноят ёки ҳуқуқбузарликка ҳуқуқий баҳо берилади ва жавобгарликнинг муқаррарлиги амалда намоён бўлади.
Қонун устуворлиги принципи ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиларидан бири ҳисобланади. Унга кўра, барча фуқаролар, мансабдор шахслар ва давлат органлари қонунга бўйсунади. Суд органлари эса мазкур принципнинг амалий кафолати сифатида фаолият юритади.
Суд қарорлари чиқарилаётганда ишнинг барча ҳолатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўрганилади. Айбланувчининг ҳуқуқлари таъминланади, жабрланувчининг манфаатлари ҳимоя қилинади, далиллар текширилади ва қонун талабларидан келиб чиқиб қарор қабул қилинади. Бу жараён одил судловнинг асосий белгисидир.
Жиноят ишлари бўйича судларда жазо тайинлашда жиноятнинг оғирлиги, унинг содир этилиш шароити, айбдорнинг шахси, қилмишга муносабати ва бошқа муҳим ҳолатлар инобатга олинади. Бу эса жазонинг адолатли ва мутаносиб бўлишини таъминлайди.
Суд қарорлари фақатгина муайян шахсга нисбатан чиқарилган ҳуқуқий ҳужжат эмас, балки жамият учун муҳим профилактик аҳамиятга эга бўлган воситадир. Жазонинг муқаррарлиги бошқа шахсларни қонунбузарликдан тийилишга ундайди.
Суд амалиёти таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ҳуқуқбузарликлар кўпинча қонун талабларини билмаслик ёки унинг оқибатларини етарлича англамаслик натижасида содир этилади. Шу боис, суд қарорларини оммавий ахборот воситалари ва расмий веб-сайтларда ёритиш аҳолининг ҳуқуқий онгини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Фуқаролар суд қарорлари билан танишиш орқали қонунбузарликнинг ҳуқуқий оқибатларини англайди, ўз хатти-ҳаракатларига нисбатан масъулият билан ёндашишни ўрганади.
Эътиборлиси шундаки, бугунги кунда суд тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Очиқ суд мажлислари, қарорларнинг эълон қилиниши, электрон мурожаат тизимлари суд фаолиятининг замонавий талаблар асосида ташкил этилганини кўрсатади.
Таъкидлаш керакки, фуқароларнинг судларга мурожаат қилиш имконияти кенгайиб бораётгани, ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши суд жараёнларининг самарадорлигини оширмоқда. Бу эса одил судловнинг шаффоф ва очиқ амалга оширилишига хизмат қилмоқда.
АЪЗАМБЕРДИ АЛИКУЛОВ,
Жиноят ишлари бўйича Узун туман судининг тергов судьяси






