СУД ЭКСПЕРТИЗАСИ ТАДҚИҚОТЛАРИ ҚАНДАЙ ЎТКАЗИЛАДИ?
Маълумки, суд экспертизаси экспертиза ташкилотида тадқиқотлар терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судья (суд)нинг қарори (ажрими) асосида ўтказилади.
Адвокат сўровига кўра тадқиқотлар иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий иш юритилаётганда ишни суд муҳокамасига тайёрлаш чоғида ёки суд муҳокамаси жараёнида давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан шартнома асосида ишонч билдирувчи шахс розилиги билан амалга оширилади.
Давлат суд-экспертиза муассасаси, нодавлат суд-экспертиза ташкилоти, илмий фаолият билан шуғулланувчи муассаса (ташкилот)лар томонидан қонунчиликка кўра рухсат этилган суд экспертизаси турлари бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ шартнома асосида тадқиқотлар ўтказилиб, мутахассис фикри берилиши мумкин.
Экспертиза ташкилотига қарор (ажрим), сўров, мурожаатлар ҳамда уларнинг натижаси бўйича экспертиза хулосаси ёки мутахассис фикри ёзма ёхуд электрон шаклда тақдим этилади.
Тадқиқотлар суд эксперти томонидан ўтказилади.
Экспертизани тайинлашга ваколатли орган (шахс) билан келишмасдан бошқа шахсларни тадқиқотларни ўтказиш учун жалб қилишга йўл қўйилмайди.
Тадқиқотларни ўтказишда суд экспертининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги қонунчиликда белгиланади.
Қуйидаги ҳолатларда суд экспертига иш материаллари юзасидан тадқиқотлар ўтказиш тақиқланади:
-иш материаллари бўйича манфаатдор томонлар билан қариндош бўлганда;
-иш материаллари бўйича манфаатдор томонлар билан давлат суд-экспертиза муассасаси ҳамда нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг раҳбарлари, таркибий бўлинма бошлиқлари ва уларнинг яқин қариндошлари бўлганда, бундан тадқиқотлар ўтказувчи ягона ташкилот бўлган ҳолатлар мустасно;
-иш материаллари бўйича манфаатдор томонлардан бири нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг мулкдори, муассиси, кузатув кенгаши, ижро органи аъзоси, кредитори, суғурталовчиси ҳамда уларнинг яқин қариндошлари бўлганда;
-устав фонди (устав капитали)да нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг ёки суд экспертининг улуши бўлган юридик шахснинг хулосадан манфаатдорлиги бўлганда;
-тирик шахсга нисбатан суд экспертизасини ўтказишда мазкур шахсга унинг тайинланишидан олдин тиббий ёрдам кўрсатилганда. Мазкур чеклов суд-тиббий ёки суд психиатрик экспертизалар шахсни бевосита кўрикдан ўтказмасдан амалга оширилган ҳолларда ҳам амал қилади;
-суд экспертининг холислигига ва беғаразлигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлганда.
Суд эксперти юқорида қайд этилган ҳолатларда бевосита раҳбарини хабардор қилади. Раҳбар экспертиза ташкилотида ушбу мутахассислик бўйича бошқа суд эксперти бўлганда, тадқиқотларни унга топширади. Бошқа суд эксперти бўлмаган ҳолда экспертизани тайинлаган ваколатли орган (шахс)га, адвокатга ёки тадқиқотлар ўтказиш учун мурожаат қилган жисмоний ёхуд юридик шахсга иш ҳужжатларини уч иш кунида ижросиз қайтариб юбориши лозим.
Экспертизани тайинлашга ваколатли орган (шахс)нинг қарори (ажрими) асосида тадқиқотларни ўтказиш муддатлари суд экспертизаларининг ҳажми ва мураккаблигига, шунингдек, суд экспертининг иш ҳажмига кўра 30 кун доирасида белгиланади.
Тадқиқотларни ўтказишни 30 кун мобайнида бажариш мумкин бўлмаган тақдирда, экспертиза ташкилоти раҳбари муддат ўтишидан 3 иш куни олдин асосланган ҳолда экспертиза тайинлаган ваколатли орган (шахс)га ёзма ёки электрон равишда хабар қилади ҳамда улар билан келишган ҳолда қўшимча муддатни белгилайди.
Давлат суд-экспертиза муассасалари ҳамда илмий фаолият билан шуғулланувчи муассаса (ташкилот)лар иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий судларга тааллуқли ишлар бўйича суд экспертизаларини ўтказганлиги учун тўлов ундиришга ҳақлидир. Суд экспертизаларини ўтказиш билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш иш бўйича томонларга юкланади ва суд экспертизасини ўтказиш бошлангунга қадар тўланади. Тўлов миқдори ва мазкур маблағларни сарфлаш тартиби қонунчилик ҳужжатларига асосан белгиланади.
Бехруз Авазов
Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси