СУД ФУҚАРОНИНГ ТУҒИЛГАНЛИК ФАКТИНИ БЕЛГИЛАДИ
Маълумки, фуқаронинг ҳуқуқ лаёқати у туғилган пайтдан эътиборан вужудга келади ва вафот этиши билан тугайди.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига асосан болаларнинг туғилишини қайд этиш мажбурий бўлиб, болалар туғилган жойидан ёхуд ота-онасидан бири доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида бир ой ичида амалга оширилиши лозим.
Боланинг туғилиши унинг туғилганлиги ҳақидаги тиббий маълумотнома, ота-онанинг оилавий ҳолати ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида қайд этилади.
Фуқаронинг ўз ҳаракатлари билан фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлиш ва уларни амалга ошириш, ўзи учун фуқаролик бурчларини вужудга келтириш ва уларни бажариш лаёқати (муомала лаёқати) у вояга етгач, яъни ўн саккиз ёшга тўлгач тўла ҳажмда вужудга келади.
Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судига туман Адлия бўлими Азизов Санжарнинг (исм, шарифлар ўзгартирилган) манфаатини кўзлаб ариза билан мурожаат қилиб, унда Азизов Санжарни 1995 йил 05 майда Шеробод туманида, онаси 1980 йил 19 июнда Шўрчи туманида туғилган, миллати тожик, марҳума Сарикова Мохира Латифовнадан туғилганлик фактини белгилаб беришни сўраган.
Аниқланишича, Азизов Санжар 1995 йил 05 май куни Шеробод туманида туғилган бўлиб, туғилгандан ҳозирга қадар унинг туғилиш ҳолати ФХДЁ бўлимида қайд этилмаганлиги сабабли фуқарода туғилганлик ҳақида гувоҳнома ва фуқаролик паспорти мавжуд эмас.
Шунингдек, марҳума Сарикова Мохира Латифовна 1980 йил 19 июнда туғилиб, Шеробод тумани, “Шеробод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшаган. Шеробод туман ФҲДЁ бўлимининг 2022 йил 10 февраль кундаги
далолатнома ёзувига асосан Сарикова Мохира Латифовна 2022 йил
19 январь куни вафот этган.
Иш ҳужжатларига илова қилинган далиллар ва манфаатдор шахс вакилларининг суд мажлисида берган тушунтиришлари ва гувоҳ кўрсатувини инобатга олган ҳолда ариза важлари асосли эканлиги ўз тасдиғини топгани сабабли, суднинг ҳал қилув қарорига кўра Азизов Санжарнинг 1995 йил 05 майда Шеробод туманида, онаси 1980 йил 19 июнь куни Шўрчи туманида туғилган, миллати тожик, марҳума Сарикова Мохира Латифовнадан туғилганлик факти белгилаб берилди.
Мухтасар қилиб айтганда, фуқаро Азизов Санжарнинг туғилганлик факти белгиланиши билан у энди ўзининг фуқаролик паспортига ҳам эга бўлди.
Рухиддин Пирназаров
Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судининг судьяси