СУД ТИЗИМИДА ТЕРГОВ СУДЬЯСИ ФАОЛИЯТИ

Кейинги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини «Инсон қадри учун» тамойили асосида янги босқичга кўтариш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганидан барчамиз хабардормиз.

Шу билан бир қаторда суд-тергов амалиёти инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш юзасидан самарали механизмлар тўлиқ ишга солинмаганлиги, жиноят содир этганликда айбланаётган шахснинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка оид конституциявий ҳуқуқларини суд орқали ишончли таъминлаш чораларини кучайтириш зарурати мавжудлигини кўрсатмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2024 йил 10 июнда “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармонига кўра, ишни судга қадар юритиш босқичида жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилди.

Тергов судьясига жиноят материалларини, санкциялар ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатлари берилди.

Бундан ташқари, тергов судьясига қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, тинтув ўтказиш, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлаш каби санкцияларни бериши вазифаси юклатилди.

Шунингдек, тергов судьяси айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш, ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатга қадар узайтириш, гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш каби мажбурлов чораларини қўллаши мумкин.

Жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартиби белгиланди.

Тергов судьяси фаолиятининг асосий йўналишлари:

-қонунчиликда белгиланган тартибда тергов судьясига юклатилган вазифаларни адолатли ва холисона бажариш;

-қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш;

-фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд йўли билан самарали ҳимоя қилиш.

Тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсунади ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмаслиги;

-тергов судьяларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш, шунингдек, судьялар корпусини шакллантириш қонунда белгиланган тартибга мувофик, амалга оширилиши;

-тергов судьясининг ташкилий фаолиятига раҳбарлик тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раислари томонидан амалга оширилиши белгиланди.

Таъкидлаш лозимки, мазкур фармон келгусида суд тизими тузилмасини ислоҳ қилишга, қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд йўли билан самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.

АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,

Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси