СУД ТИЗИМИДА СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ

Жорий йилнинг 21 август куни «Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-140-сонли Фармон қабул қилинди.
Янги фармонга кўра, суд тизими рақамлаштирилиб, сунъий интеллект ёрдамида ариза ва ҳужжатлар автоматик тарзда шакллантирилади.
Фармонда суд ишларини қоғоз шаклидан бутунлай воз кечиб, босқичма-босқич электрон тарзга ўтказиш белгиланган. Судга ариза берган шахс сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг эҳтимолий натижасини ва харажатларини олдиндан билиши мумкин бўлади. Бу эса мурожаатларнинг самарадорлигини ошириш ва фуқароларнинг вақт ҳамда маблағини тежашга хизмат қилади.
Шунингдек, мурожаатлар судга электрон шаклда юборилади, ҳужжатлар эса автоматик равишда шакллантирилади. Бу жараён учун зарур техник инфратузилма яратилади, Олий суд ахборот тизимида суд ҳужжатлари архиви модули ишлаб чиқилади. Судялар ва ходимларнинг рақамли саводхонлигини ошириш мақсадида «Киберҳуқуқ» йўналишида илмий тадқиқотлар ўтказилади.
Бундан ташқари, мазкур Фармонга кўра, 2025 йил 1 декабрдан фуқаролар, адвокатлар ва юристлар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформаси ишга туширилади. Йил якунигача суд ҳужжатларини автоматик тайёрлайдиган дастур яратилиши режалаштирилган. Шу каби, 2026 йилдан my.sud.uz порталининг янги интерактив хизматлари ишга туширилади. Сунъий интеллект асосидаги виртуал маслаҳатчи фуқароларга ҳуқуқий масалаларда йўл-йўриқ кўрсатади ҳамда суд маълумотларини автоматик етказади.
Cуд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузига, жумладан суд мустақиллиги, қонун устуворлиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг нуфузи ошишига ҳам муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.
АЪЗАМБЕРДИ АЛИКУЛОВ,
Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди тергов судяси