СУД ТИЗИМИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР

Сурхондарё вилоят судида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 21 августдаги  “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва «Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонлари мазмун ва моҳиятига бағишланган семинар ташкил этилди.

Вилоят суди судьялари ва ходимлари, шунингдек вилоят маъмурий суди судьялари ҳамда ходимлари иштирокида ташкил этилган этилган семинарда мазкур фармонларнинг мазмун ва моҳияти иштирокчилар эътиборига етказилди.

Сўнги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, уни халқаро стандартларга мос равишда такомиллаштириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Суд тизимида амалга оширилаётган ушбу ислоҳотларнинг халқаро ҳуқуқ нормалари билан уйғунликда эканлиги муҳим аҳамият касб этади.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бутун дунёда энг олий қадрият сифатида тан олинганлиги боис ҳам адолатли судлов халқаро майдонда эътироф этилган асосий принциплар қаторида турибди.

Мамлакатимизда ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги «Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  ПФ-140-сонли ҳамда “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-141-сонли Фармонлари орқали суд фаолиятида замонавий технологияларни жорий этиш, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш ҳамда суд кадрларини сифат жиҳатдан янгича тайёрлаш тизимини шакллантириш бўйича муҳим қадамлар қўйилди.

Фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қила олиши, тадбиркорлик субъектларининг мулкий манфаатлари ҳимояланган бўлиши, шунингдек, жамиятда қонун устуворлигининг таъминланиши айнан самарали суд тизимига боғлиқ. Тадбирда суд соҳасига доир фармонлар нафақат судлар фаолиятининг самарадорлигини оширишга, балки халқнинг судга ишончи ва ҳуқуқий ҳимоя даражасини юксалтиришга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар пойдевори ҳисобланиши айтиб ўтилди.

Таъкидлаш лозимки, ушбу Фармонлар суд тизимини замонавийлаштиришда, малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришда, инсон ҳуқуқлари, адолат ва давлатга ишонч даражасини оширишда, фуқароларнинг ҳуқуқий муҳофазасини кучайтириб, демократик ҳуқуқий давлат қуришда муҳим босқич бўлди.

БАҲОДИР ДЖУМАЕВ,

Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари –

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси