СУД ИШЛАРИНИ АЙРИМ ЙЎНАЛИШЛАРДА ПРОКУРОР ИШТИРОКИНИ МАЖБУРИЙ ҚИЛИШ ТАКЛИФИ БЕРИЛДИ

Жорий йилнинг 10 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган йиғилишда депутатлар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Фуқаролик процессуал кодексига тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича суд томонидан кўриб чиқиладиган ишларда мажбурий тартибда прокурорнинг иштирокини таъминлаш билан боғлиқ қўшимчалар киритилмоқда.
Бундан ташқари, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, бирламчи кўмак хоналарига ёки Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳудудий марказларига жойлаштирилган хотин-қизлар учун банк картасини тиклаш соддалаштирилади.
Шу каби, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳудудий марказларига жойлаштирилган хотин-қизлар – уларга ва уларнинг вояга етмаган фарзандларига тегишинча никоҳни қайд этганлик тўғрисида ва туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳномалар берганлик учун давлат божини тўлашдан озод қилиш назарда тутилмоқда.
Таъкидлаш керакки, мазкур ҳужжат келгусида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандлари манзилли ва самарали ижтимоий ҳимоя қилинишини кучайтириш, ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, уларнинг сифатини оширишга хизмат қилади.
НАРГИЗА ШАРИПОВА,
Термиз туманлараро маъмурий суди судьяси