СУД АЁЛДАН УНИНГ КАСАЛЛИГИ ТУФАЙЛИ ФАРЗАНДИНИ ЭРИГА ОЛИБ БЕРИШИ МУМКИНМИ?
Маълумки, амалдаги Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида ота-она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга эканлиги кўрсатиб ўтилган.
Мазкур Кодекснинг 74-моддасига асосан ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади. Бунда суд, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, боланинг ёшини, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини ҳисобга олишлиги қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суд Пленумининг “Болалар тарбияси билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги Қарорида суд бошқа-бошқа турадиган ота-оналар ўртасида бўлган уларнинг қайси бири билан қайси боласи яшаш учун қолиши тўғрисидаги низоларни ҳал этишда Оила кодексининг 71-моддасида белгиланган ота ва онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тенглигига асосланган ҳолда, вояга етмаган болаларнинг манфаатларига ва хоҳишларига мос келадиган ҳал қилув қарори қабул қилиши лозим. Бунда суд ота-онадан бирининг моддий-маиший аҳволи устунлигининг ўзи болани унга олиб бериш учун асос бўла оладиган шарт ҳисобланмаслигини назарга олган ҳолда, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, ота-онадан қайси бири болаларига нисбатан кўпроқ ғамхўрлик ва эътибор кўрсатаётганлигини, болаларнинг ёшини ва ота-онадан қайси бирига кўнгил қўйганлигини, ота-онанинг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг маълумот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини эътиборга олишлиги белгиланган.
Дарҳақиқат, суд 10 ёшга тўлган боланинг ота-онасининг қайси бири билан яшаш истаги борлигини ҳам эътиборга олиши мумкин. Юқоридаги қонун талабларида кўрсатилганидек, ота-она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга. Судлар болани алоҳида яшаётган ота-онадан бирида қолдиришда боланинг манфаатини эътиборга олишади. Ота-онадан бирининг моддий аҳволининг устунлиги болани унга олиб бериш учун асосий шарти ҳисобланмайди. Шунингдек, онанинг касаллиги ундан болани олиб, отага бериш учун асосий шарт ҳисобланмайди. Бундай ҳолатларда судлар она ўзининг касаллиги туфайли болага қай даражада ғамхўрлик ва эътибор кўрсата олаётганлигини, она касаллиги туфайли боланинг тарбияси билан шуғуллана олаётган ёки олмаётганлиги каби ҳолатларни, шунингдек боланинг ҳам фикри ва хохишларини инобатга олган ҳолда иш ҳолатларидан келиб чиқиб, қарор чиқаради.
Б.Авазов
Сурхондарё вилоят суди
судья катта ёрдамчиси