Суднинг хусусий ажрими – қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилувчи муҳим процессуал институт

Судлар суд ишларини юритишда ўзига берилган қонуний ваколатлар асосида қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамиятда қонунга ва судга нисбатан ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш каби муҳим вазифаларни ҳам амалга оширади.
Хусусий ажрим эса, қонун ҳужжатлари асосида судларга юклатилган муҳим вазифаларнинг ижросини таъминлашнинг муҳим процессуал воситаларидан биридир. У қонунчилик ҳужжатларини бузилиш ҳолатларига ва уни бузаётган шахсларга нисбатан суд томонидан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чораси ҳисобланади.
Бошқа суд ҳужжатлари каби суднинг қонуний кучда бўлган хусусий ажрими ҳам барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун бажарилиши мажбурийдир. Хусусий ажримни ижро этмаганлик ва бу ҳақда судга хабар бермаганлик учун қонун ҳужжатларида қатъий жавобгарлик чоралари белгилаб қўйилган.
Жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисидаги тақдимнома ёки хусусий ажрим юборилган ташкилот, жамоа ёки мансабдор шахс зарур чораларни кўриши ва уларнинг натижалари тўғрисида кечи билан 1 ойлик муддат ичида тегишинча суриштирувчини, терговчи, прокурор ёки судни хабардор қилиши шарт.
Таҳлилларга кўра, Сурхондарё вилоят, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан 2025 йил 17 декабрь кунига қадар жами 1720 та хусусий ажримлар чиқарилган бўлиб, шундан 1575 та жиноятнинг сабаблари ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича, 85 та дастлабки тергов ўтказишда йўл қўйилган камчиликлар бўйича ва 2 та фуқаро ижтимоий бурчини намунали бажарганлиги юзасидан хусусий ажримлар чиқарилган.
Хусусан, вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида жами 18 та хусусий ажрим чиқарилган бўлиб, шундан 14 та жиноятнинг сабаблари ҳамда шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан, 1 та дастлабки тергов ўтказишда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан, 1 та бошқа сабаблар юзасидан, шунингдек 2 та ҳимоячининг номуносиб хулқ-атвори юзасидан хусусий ажримлар чиқарилган.
Судлар томонидан чиқарилган хусусий ажримларнинг барчаси тегишли ташкилотларга ижро этишлик учун белгиланган тартибда юборилган бўлиб, уларнинг ижроси ўрганилганида, ижтимоий хавфлилиги юқори бўлган айрим жиноятлар юзасидан чиқарилган айрим хусусий ажримларнинг ижроси мазмунан умумий тарзда “муҳокама қилинди” деган мазмундаги қисқа хабарномалар билан чекланганлиги аниқланди.
Бундан ташқари, айрим хусусий ажрим бўйича ташкилотлар томонидан белгиланган талабларнинг тўлиқ бажарилмаётгани, хусусан уларнинг аксарияти хусусий ажрим ижроси бўйича расмий ахборот тақдим этиш интизомига етарли даражада амал қилмаётгани ҳам бор ҳақиқат.
Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 181-моддасига кўра, мансабдор шахс томонидан суд чиқарган хусусий ажримни (қарорни) кўриб чиқмаслик ёхуд ажримда (қарорда) кўрсатилган қонунни бузиш ҳолларини бартараф этиш чораларини кўрмаслик, худди шунингдек, хусусий ажримга (қарорга) ўз вақтида жавоб бермаганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилиши белгиланган.
Ўз навбатида, Жиноят кодексининг 232-моддасида муайян ҳаракатларни содир этиш ёхуд содир этишдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи суд ҳужжатини бажаришдан бўйин товлашни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин давом эттириш, шунингдек, суд ҳужжати ижро этилишига тўсқинлик қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.
Шу каби, суднинг хусусий ажрими ижросини тўғри ташкил қилиш масаласида давлат органлари, фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари билан семинар машғулоти ташкил этилиб, туман-шаҳар миқёсида давлат органлари, фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари билан бўлган чора-тадбирларни белгилаш, бажарилган ишлар ҳақида расмийлаштирилиши лозим бўлган ҳужжатларни тайёрлаш ва шу каби масалалар ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди.
Ўтказилган суд амалиёти таҳлилидан келиб чиқиб, туман (шаҳар) судлари томонидан чиқарилган хусусий ажримлар бўйича тегишли чоралар кўрмаган фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи, жамоат бирлашмаси, жамоа ёки мансабдор шахсларга тегишли муносабатлар билдирилиши, суднинг хусусий ажрими ижросини тўғри ташкил қилиш масаласида давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари билан семинар машғулотлари ташкил этилиши, ижроси устидан ўрнатилган назоратнинг самарадорлигини ошириш ва чиқарилган хусусий ажримларнинг ҳолатини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилиши, шунингдек ишларни кўришда қонун талабларига риоя қилиш юзасидан хато ва камчиликларга йўл қўймаслик борасида тегишли чора-тадбирлар белгилаш учун вилоят судининг кенгайтирилган навбатдаги йиғилишида барча судьяларнинг иштирокида муҳокама қилиш тавсия этилди.
Мамлакатимизда судларнинг асосий вазифаси фуқароларнинг Конституция ва қонунлар, халқаро шартномаларда, шунингдек, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Шу асосда судлар суд ишларини юритишда ўзига берилган қонуний ваколатлар асосида қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамиятда қонунга ва судга нисбатан ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш каби муҳим вазифаларни ҳам амалга оширади.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, суднинг хусусий ажрими ўз вақтида ва тўлақонли ижро этилиши жамиятда қонун устуворлигини мустаҳкамлашга, фуқароларнинг Конституция ҳамда қонунларга риоя қилиш руҳида тарбиялашга, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Аблқосим Рузиқулов,
Сурхондарё вилоят суди раиси






