СУДЛАР ФАОЛИЯТИ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ МУҲИМ ВАЗИФА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январда  “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  ПФ-12-сонли Фармони қабул қилинди.

Фармонда, одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолиятида 2023 йил 1 сентябрга қадар «Судларда прокурор иштироки» ахборот тизимини яратиб, 2024 йилдан амалиётга тўлиқ жорий этиш, 2023 йил 1 июлдан Бош прокуратура ва Олий суд ахборот тизимларини интеграция қилиш йўли билан ўзаро ҳужжат алмашинувини тўлиқ йўлга қўйиш белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг эмблемаси намунаси тасдиқланди.

  Олий судга Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:

-илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда айрим тоифадаги фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатини тегишлилиги бўйича маъмурий органларга ўтказиш;

-айрим тоифадаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни қуйи инстанция судларининг ўзида якунлаш тартибини белгилаш;

-фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича тарафларни келиштириш ва медиация институтини кенг жорий этиш бўйича асослантирилган таклифларни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилишини таъминлаш юклатилди.

Бундан ташқари, мазкур Фармон билан Олий судга Судьялар олий кенгаши ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 1 июлга қадар ушбу бандда назарда тутилган янги механизмлар жорий этилиши натижасида иш юкламаси мақбуллаштирилган судларнинг штат бирликларини самарали тақсимлаш бўйича асослантирилган таклифларни ва  Бош прокурорга Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда илғор хорижий тажрибани ҳамда судларда кўриладиган иш ҳажмини инобатга олиб, айрим йўналишларда прокурор назоратини қисқартириш, шунингдек, Бош прокуратура ҳузуридаги ташкилотлар штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобидан Ихтисослашган прокурорлар корпуси штат бирликлари сонини кўпайтириш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш белгиланди.

Бинобарин, ушбу Фармоннинг аҳамияти – келгусида одил судловга эришиш имкониятлари янада кенгайиши ва судлар фаолияти самарадорлигини ошишига хизмат қилади.

Мансур Абдурахманов

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси