“Судлар фаолиятини рақамлаштириш — шаффофлик ва очиқлик кафолати”

Сўнгги йилларда судлар фаолиятида замонавий ахборот технологияларини жорий этиш борасида муайян ишлар амалга оширилди.  

Жумладан, иқтисодий судларда 2014 йил 1 январдан электрон ҳужжат алмашинуви, суд статистикасини юритиш, суд амалиётини таҳлил қилиш ва судлов ишларини юритишда процессуал муддатлардан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида марказлаштирилган бошқарув платформасидаги электрон маълумотлар базаси ишга туширилган.

Электрон маълумотлар базаси, бир томондан, судьялар ва суд аппарати ходимларига маълумотларни сақлаш, суд ҳужжатларини тузиш, чоп этиш ва процессуал муддатлардан унумли фойдаланишда қўл келмоқда. Бошқа томондан, судда ишларнинг тўғри, тезкор ва қонуний юритилишини мунтазам назорат қилинишини таъминламоқда.

Энг муҳими, ушбу ахборот тизимларидан фойдаланиш учун ҳар бир суддаги шахсий кабинетга алоҳида электрон рақамли имзо орқали кирилди.

Маъмурий судларда иш юритиш самарадорлигини ошириш, судлар ва ички ишлар фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, судлов тизимида маълумотларни электрон тарзда олиш орқали маъмурий ишларни судга тақдим этиш ҳамда ишни кўриб чиқиш билан боғлиқ муддатларни қисқартириш долзарб аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 августда қабул қилинган «Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори шу мақсадга қаратилгандир.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил
3 майда қабул қилинган «Маъмурий ҳукуқбузарлик содир этган шахслар ва жабрланувчиларни марказлаштирилган ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига асосан, 2018 йилдан электрон маълумотлар базаси жиноят ишлари бўйича, фуқаролик ишлари бўйича ва маъмурий судларда ҳам жорий қилинди.

Олий суд томонидан E-XSUD ва E-SUD форматларидаги ахборот тизими:

Ягона интерактив давлат хизматлари портали;

Очиқ маълумотлар портали, шу жумладан, Барқарор ривожланиш портали;

Ижро ҳужжатлари юзасидан қарз­дорликларни ундириш масалалари бўйича ягона идоралараро электрон ҳамкорлик тизими;

Электрон ҳукумат идоралараро интеграциявий платформаси билан интеграция қилинмоқда.

Шунингдек, судларни замонавий суд бинолари билан таъминлаш, суд мажлиси хоналарини зарурий техник воситалар, судлар фаолиятини ёритиб борувчи монитор ва таблолар билан жиҳозлаш ишлари изчил олиб борилмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 3 сентябрда қабул қилинган «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори суд органлари фаолиятини рақамлаштириш ва соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Қарорда белгиланган вазифаларнинг ижроси судлар фаолиятининг халқаро стандартлар ва ривожланган давлатлар илғор ютуқлари даражасида янада очиқ ҳамда шаффоф бўлишини таъминлайди.

Қарор билан судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб, кейинги босқичларда амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор устувор вазифа белгилаб берилган. Хусусан:

– судлар фаолиятида «Адолат» ахборот тизимлари комплекси жорий этилади. Мазкур тизим орқали барча давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятлар фақат электрон шаклда тақдим этилади ва бу билан судларда қоғоз шаклида иш юритишдан босқичма-босқич воз кечилади. Шунингдек, мазкур ти­зим афзалликлари орқали манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш, суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш, суд ҳужжатларини автоматлаштирилган равишда шакллантириш имконияти яратиш;

– барча судларда суд мажлислари тарафларнинг илтимосномалари ва суд мажлисида раислик қилувчи судьянинг розилиги билан, аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда, қайд этиб борилади ва суд мажлиси баённомалари ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш;

– апелляция ва кассация инс­танция судларида ишлар судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш;

– суд қарорлари тарафларга элек­трон тарзда, уларнинг илтимосномалари бўйича эса, қоғоз шаклида тақдим этиш;

– фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига янада қулайлик яратиш мақсадида,
10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатиш йўлга қўйиш;

– мобил дастур орқали суд мажлисларида масофадан туриб, яъни суд биносига келмасдан видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконияти яратиш;

– суд ишлари давлат архивига электрон шаклда тақдим этиш;

– суд мажлиси вақти ва жойи ҳақида суд мажлиси иштирокчилари SMS хабари орқали бепул хабардор этиш;

– суд ахборот тизимлари 28 та давлат органлари ва ташкилотлари, Президент Виртуал қабулхонаси ва Бош вазирнинг Тадбиркорлик мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ахборот тизимлари билан уланиш.

Яратиладиган мазкур имкониятлар суд мажлисида иштирок этувчи тарафларга қўшимча афзалликлар яратади. Суд биноларига келиб-кетиш учун сарфланадиган харажатларни камайтиради. Шунингдек, фуқароларнинг вақти тежалади ва судга мурожаат қилиш тартиби осонлашади.

Мурожаатчи — у хоҳ жисмоний ёки юридик шахс бўлсин, хоҳ давлат идораси вакили бўлсин — мурожаат қилиш учун навбатда турмайди, кимнидир кутиб қолмайди. Бу, ўз навбатида, мурожаатчилар турли эҳтимолий асаббузарликлар ва оворагарчиликларга учрамайди, деганидир.

Судларда ишларни кўришда турли давлат органлари ёки нодавлат ташкилотлар билан маълумот алмашинувини қоғоз шаклида амалга оширишга барҳам берилади. Яъни иш юритиш янада соддалаштирилади.

Электрон хизматлардан ва ахборот телекоммуникацияларидан кенг фойдаланиш соҳага доир процессуал муддатларга риоя этилишини тўла таъминлаб, иш юритиш юзасидан назорат олиб борилиши самарадорлигини оширади.

Содда қилиб айтганда, судларга қилинган мурожаатни кўриб чиқиш учун тайинланган вақт, ишларнинг бошқа кунга қолдирилиши сабаблари, улар бўйича қабул қилинган суд қарорлари мазмуни, суд ҳужжатларининг ишда иштирок этувчи шахсларга юборилганлиги ва шу билан боғлиқ барча маълумотлар электрон базада яққол кўриниб туради.

Бундан ташқари ахборот тизимларининг жорий этилиши барча бўғиндаги судлар бўйича аниқ суд статистикасини юритиш, объектив ҳолатни реал вақт режимида ўрганиш ва тизимли таҳлилни амалга ошириш, шу билан бирга, кечиктириб бўлмайдиган ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб олиш имконини беради.

Натижада судлар фаолиятига турли хил аралашувларга йўл қўйилмайди.

Қонунийликни таъминлашга ва соҳада эҳтимолий коррупциянинг олдини олишга қўшимча кафолатлар яратилади.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш бўйича қарорида белгилаб берилган вазифаларнинг амалга оширилиши судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликнинг янада таъминланишига хизмат қилади.

Шу билан бирга, бу янгиликлар судларга мурожаат қилиш, суд мажлисларида иштирок этиш ва суд ҳужжатларидан нусха олиш тартиби соддалаштирилишига олиб келади. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, фуқароларнинг ортиқча овора бўлишининг олдини олади ва юртдошларимизнинг судларга бўлган ишончи ортишига замин яратади.

Зойир Рустамов

Денов туманлараро иқтисодий суди раиси