СУДДА ВАКИЛЛИК ИШТИРОКИ

Бизга маълумки, вакиллик деганда – бир шахснинг бошқа шахс номидан юридик ҳаракатларни амалга оширишини тушунамиз.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 7-бобида судда вакиллик, қонуний вакиллик ва ихтиёрий вакиллик ҳақида батафсил тушунтириш берилган.

Судда вакил орқали иштирок этиш “Фуқаролар ўз ишларини судда шахсан ёки ўз вакиллари орқали юритиши мумкин. Фуқароларнинг судда маълум бир кўрилаётган ишлар юзасидан шахсан иштирок этиши уни иш бўйича вакилга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди. Ташкилотлар ишларни ўз раҳбарлари ёки вакиллари орқали юритиши белгиланган. Демак энди биз суддаги қонуний вакиллик ва ихтиёрий вакиллик тушунчаларини тушуниб олсак.

Қонуний вакиллик – муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини судда уларнинг қонуний вакиллари (ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар) ҳимоя қилади. Белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилган фуқаро иштирок этиши лозим бўлган иш бўйича унинг вакили сифатида мазкур фуқаронинг мол-мулкини қўриқлаш ва бошқариш учун тайинланган шахс қатнашади. Вафот этган ёки белгиланган тартибда вафот этган деб эълон қилинган шахснинг меросхўри иштирок этиши керак бўлган иш бўйича, агар меросни ҳали ҳеч ким қабул қилиб олмаган бўлса, васий, ҳомий, ёхуд мерос мол-мулкни сақлаш ва бошқариш учун тайинланган сақловчи шахс меросхўрнинг вакили сифатида қатнашади. Қонуний вакил судда иш олиб боришни ўзи вакил сифатида танлаган бошқа шахсга топшириш ҳуқуқига эга. Ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаган шахснинг, муомалага лаёқатсиз ёки бедарак йўқолган деб топилган шахснинг қонуний вакили вакиллик қилинаётган шахснинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига тааллуқли ишлар кўриб чиқилаётганда унинг манфаатларини кўзлаб барча процессуал ҳаракатларни амалга оширади. Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаган шахснинг, муомала лаёқати чекланган деб топилган шахснинг қонуний вакили ишлар кўриб чиқилаётганда шу шахснинг манфаатларини кўзлаб барча процессуал ҳаракатларни чекланган ҳуқуқлар доирасида амалга оширади.

Шартнома бўйича (ихтиёрий) вакиллик – ишонч билдирувчи ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича судда иш юритишни шартнома бўйича (ихтиёрий) вакилликка биноан вакилга топширади.

Қуйидагилар шартнома бўйича (ихтиёрий) вакил бўлиши мумкин:

1) адвокатлар;

2) насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган ёки ён шажара бўйича қариндошлар, шунингдек эр (хотин) ёхуд унинг қариндошлари;

3) юридик шахсларнинг ходимлари — шу юридик шахсларнинг ишлари бўйича;

4) нотижорат ташкилотларнинг ваколатли вакиллари — шу ташкилотлар аъзоларининг ишлари бўйича;

5) қонунга биноан бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилган нотижорат ташкилотларнинг ваколатли вакиллари;

6) биргаликда иштирок этувчилардан бири бошқа биргаликдаги иштирокчиларнинг топшириғи бўйича;

7) ишни кўриб чиқаётган суд томонидан ишда жисмоний шахсларнинг вакиллари сифатида иштирок этишига йўл қўйилган шахслар.

Судда иш юритиш бўйича вакил сифатида профессионал фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланиши мумкин.

Вакилнинг ваколатларини расмийлаштириш – вакилнинг ваколатлари қонунга мувофиқ берилган ва расмийлаштирилган ишончномада кўрсатилган бўлиши керак.

Фуқаролар томонидан бериладиган ишончномалар нотариуслар ёки нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мансабдор шахслар томонидан тасдиқланади.

Давлат бошқаруви органларининг, мансабдор шахсларнинг вакиллари тегишли орган раҳбарининг ёки мансабдор шахснинг имзоси билан бериладиган ишончнома бўйича ҳаракат қилади.

Ташкилот номидан бериладиган ишончнома ташкилот раҳбари томонидан имзоланиб, имзо ташкилотнинг муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланади.

Ташкилотларнинг раҳбарлари судга ўз хизмат лавозимларини ёки ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатларни тақдим этади.

Адвокатнинг ваколатлари амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда тасдиқланади.

Судда иш юритиш ваколатлари вакилга барча процессуал ҳаракатларни ваколат берувчи номидан амалга ошириш ҳуқуқини беради.

Шартнома бўйича вакиллик қилувчининг арз қилинган талаблардан тўлиқ ёки қисман воз кечиш, уларнинг асосини ёки предметини ўзгартириш, миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш, даъвогарнинг талабларини тан олиш, келишув битими, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув ёки медиатив келишув тузиш, ваколатларни бошқа шахсга ўтказиш (бошқа шахсга ишониб топшириш), суд ҳужжати устидан шикоят қилиш, аризаларни имзолаш, ижро варақасини ундирувга тақдим этиш, ундирилган мол-мулкни ёки пулларни олиш ваколати ҳар бир алоҳида ҳолда ваколат берувчи томонидан берилган ишончномада махсус кўрсатилган бўлиши керак.

Фуқаролик процессуал кодексида судда вакиллик қилиши мумкин бўлмаган шахслар рўйхати келтирилган бўлиб, Булар:

– вояга етмаган шахслар, бундан қонунчиликда белгиланган ҳоллар мустасно;

– васийлик ва ҳомийлик белгиланган шахслар;

– судьялар, прокурорлар, суриштирувчилар, терговчилар, суд девони ходимлари, бундан улар қонуний вакил (ота-оналар, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар) сифатида, шунингдек тегишли суд, прокуратура, суриштирув ва тергов органларининг вакили сифатида қатнашган ҳоллар мустасно;

– манфаатлари ваколат берувчининг манфаатларига зид бўлган шахсларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатаётган ёки илгари ёрдам кўрсатган шахслар;

– шу низо билан боғлиқ медиация тартиб-таомилини амалга оширишда медиатор сифатида иштирок этганлар, бундан қонунчиликда назарда тутилган ва медиаторнинг иштироки юзасидан ўзаро розилик бўлган ҳоллар мустасно;

– судья, прокурор, суд мажлиси котиби, эксперт, мутахассис, таржимон билан қариндошлик муносабатларида бўлган шахслар, судда вакил бўлиб иштирок этолмайдилар.

Шуни назарда тутиш керакки, қонуний вакиллик белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган, бедарак йўқолган деб топилган ёки ўлган деб эълон қилинган шахслар ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига дахлдор фуқаролик ишларини судда кўришда мажбурийдир.

Мурод Юлдашев

Сурхондарё вилоят суди девонхона мудири