СОЛИҚҚА ОИД НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШ ТИЗИМИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаши шартлиги, солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ҳамда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги кераклиги белгиланган.

Бугунги кунда иқтисодий судлар томонидан кўриб ҳал этилаётган низоларнинг аксарият қисмини солиқ идоралари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида солиқ соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низолар ташкил қилмоқда.

Тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда солиқ ва бошқа соҳалардаги тизимли муаммоларни доимий равишда ўрганиб бориш ҳамда бартараф қилиш, солиқ низоларини судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар йили тадбиркорлар билан анъанавий тарзда ўтказилаётган очиқ мулоқотларда ҳам соҳадаги тизимли муаммолар ўз ечимини топмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 20 август куни тадбиркорлар билан ўтказилган тўртинчи очиқ мулоқоти доирасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ва солиқ органлари ўртасида юзага келаётган солиққа оид низоларни судгача ҳал қилиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда низоларни ҳал қилиш учун сарфланадиган вақт ва харажатларни камайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Солиққа оид низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2025 йил 11 июлдаги ПҚ-223-сон қарори қабул қилинди.

Қарорга асосан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳузурида солиқ, иқтисодиёт, молия ва ҳуқуқ масалалари бўйича экспертлардан иборат Солиққа оид низолар бўйича эксперт кенгаши ташкил этилди.

Қуйидагилар эксперт кенгаши фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

 тадбиркорлик субъектлари ва солиқ органлари ўртасида юзага келган солиққа оид низоларни кўриб чиқиш ва улар юзасидан хулосалар бериш;

 солиқ қонунчилигига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг қўлланишини ўрганиш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти сифатини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

 солиққа оид низоларни кўриб чиқишда бизнес ҳамжамияти, давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда илмий ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш.

Эксперт кенгаши доимий фаолият юритувчи коллегиал орган сифатида ташкил этилади ва Савдо-саноат палатаси Эксперт кенгашининг фаолиятини ташкил этиш бўйича ишчи орган ҳисобланади. Эксперт кенгашининг мажлислари бир ойда камида икки марта ўтказилади.

Эксперт кенгашига солиққа оид низоларни кўриб чиқишда қуйидаги ваколатлар берилиши назарда тутилган:

 солиқ органларининг қарорларидан норози бўлган тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқиш, бундан жиноят иши доирасида ёки суд тартибида кўриб чиқилаётган солиққа оид низолар мустасно;

 мурожаатларни кўриб чиқиш натижаси юзасидан хулоса қабул қилиш;

▶ қабул қилинган хулосаларни мажбурий тартибда кўриб чиқиш учун солиқ, божхона ва тегишли давлат органларига юбориш ҳамда бу ҳақда тадбиркорлик субъектини хабардор қилиш.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мазкур Қарорнинг қабул қилиниши солиқ соҳасида солиқ органлари ва тадбикорлик субъектлари ўртасида вужудга келаётган низоли ҳолатларни судгача ҳал этишнинг самарали механизмлари жорий этилишини кучайтиришга ҳамда тадбиркорлик субъектларини, қолаверса мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

АСҚАР МАМАРАИМОВ,

Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судьяси