СОБИҚ ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИГА МАЪНАВИЙ ЗАРАР УНДИРИБ БЕРИЛДИ

Даъвогар Шароф Аллаев (исм-фамилия ўзгартирилган) жавобгар Шўрчи  туман Молия бўлимига нисбатан судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, аризасида ўзига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, Жанубий-ғарбий махсус ҳарбий округ ҳарбий судининг ҳукмига асосан айбдор деб топилганлиги, шундан сўнг мазкур суднинг ҳукмига нисбатан берилган апелляция шикоятига асосан Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди апелляция инстанциясининг ҳукмига кўра, айбсиз деб топилиб оқланганлиги, анчадан буён терговма-тергов, судма-суд сарсон бўлганлиги, бўлиб ўтган ишлар натижасида ўн йил давомида қаттиқ руҳий тушкунликка тушганлиги, жисмоний ва руҳан азоб чекганлиги учун маънавий зарар кўрганлиги ҳамда ноҳақдан айбланганлиги натижасида зарар кўрганлигини баён этиб, ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни ундиришни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судига киритилган даъво аризаси юзасидан суд мажлисида тарафларнинг тушунтиришлари тингланиб, ишда тўпланган ҳужжатлар ва материалларни ўрганилиб, муҳокама ва таҳлил қилиниб, иш юзасидан қуйидаги асосларга кўра даъвогарнинг даъво аризасини қисман қаноатлантирилган.  

Хусусан, Жанубий-ғарбий махсус ҳарбий округ ҳарбий судининг ҳукмига асосан, Шароф Аллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 167-моддаси 1-қисми, 28,301-моддаси 1-қисми, 28,25,301-моддасининг 1-қисми билан айбдор деб топилиб, пул таъминотининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолинган ҳолда 2 (икки) йил 6 (олти) ой муддатга хизмат бўйича чеклаш жазоси тайинланган.

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъатининг 2023 йилдаги ҳукми билан Жанубий-ғарбий махсус ҳарбий округи ҳарбий судининг ҳукмининг Шароф Аллаевга оид қисми бекор қилиниб, жиноят ишининг унга оид қисми тугатилиб, реабилитация этилган (оқланган).

Судлов ҳайъати ҳукми билан Шароф Аллаевга етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳамда маънавий ва бошқа зиён оқибатларини бартараф қилиш юзасидан Жиноят-процессуал кодексининг 304-313-моддалари тартибида судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилган.

Аниқланишича, даъвогарга нисбатан ноҳақдан жиноят иши қўзғатилиб, айбсиз бўлган ҳолда суд ва тергов органларида сўроқ ҳамда кўрсатма бериш учун сарсон бўлганлиги, 2014 йилдан 2023 йил июль  ойига қадар судланганлик ҳолати билан юрганлиги, тергов ҳибсхонасида 15 кун қамоқда сақланганлиги, нотўғри айбланиши натижасида оиласида тинчлик йўқолганлиги, иқтисодий қийинчилик юзага келганлиги, соғлиги ёмонлашганлиги, моддий зарар кўрганлиги, руҳий тушкунликка тушганлиги ва бошқа ҳолатларни инобатга олиб, маънавий зарар кўрган деб баҳолаб, унинг маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъво талабини муҳокама қилиб, даъвогарга озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинланмаганлиги, қамоқхонада узоқ муддат сақланмаганлиги, жамиятдан ва оиласидан бутунлай ажралиб қолмаганлиги, жамият орасида шаъни ва қадр-қиммати камситилганлиги, ишдан ёки турар жойдан ва бошқалардан маҳрум бўлмаганлигини инобатга олиб, даъвони қисман қаноатлантириб, жавобгар Шўрчи туман Молия бўлими орқали давлат бюджетидан 60.000.000 сўм маънавий зарар ундирилган.

Мазкур биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорига нисбатан жавобгар Сурхондарё вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси томонидан келтирилган апелляция шикояти Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан кўриб чиқилиб, фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, келтирилган апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Хулоса қилиб айтганда, судлар инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади ҳамда бу каби низоларни судларда кўрилишида қонуний, асосли ва адолатли ҳал этилишини таъминлайди.

НУРАЛИ МУМИНОВ,

Фуқаролик ишлари буйича Денов туманлараро суди судьяси