САЙЁР СУДДА БИР ГУРУҲ МАҲКУМЛАР МАНЗИЛ-КОЛОНИЯСИДАН ОЗОД ЭТИЛДИ

Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман судининг тумандаги 41-сон манзил-колониясида ўтказган сайёр суд мажлисида колония маъмуриятининг озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 11 нафар маҳкумларга нисбатан киритилган тақдимномаси кўриб чиқилди.

Туман суди раиси Тулкин Туракулов раислигида ўтказилган мазкур сайёр суд мажлисида манзил-колонияси маъмурияти томонидан тақдим этилган тақдимномалар иш ҳужжатлари билан бирга ўрганиб чиқилди.

Суд мажлисида жазо муддатини ўташ даврида меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, ўрнатилган тартиб-қоидаларига риоя этган, ўзининг хулқини ижобий томонга ўзгартирган, содир этган жиноятининг оқибатларини тўла англаб, тегишли хулоса чиқарган ўн бир нафар маҳкумларнинг ўталмай қолган жазо муддати Жиноят кодексининг 74-моддасига асосан енгилроқ жазо турига алмаштирилиб, манзил-колониясидан озод этилди. Миллатимизга хос инсонпарварлик, кечиримлилик каби тамойилларга асосланган суд мажлисида озод этилганларнинг барчаси турли ёшдагилардир.

Сайёр суд мажлисида ўталмай қолган жазо муддати енгилроқ жазо турига алмаштирилганларнинг барчаси қилмишидан тўғри хулоса чиқаргани ва бу ишидан пушаймонлигини, жиноятлари кечирилгани, ўзларининг жамиятда ҳалол, тўғри яшашига катта имконият берилгани учун давлатимизга, одил судга чуқур миннатдорлик билдирди.  

Манзил-колониясидан озод этилган 11 нафар маҳкумлар эндиликда ўталмай қолган жазо муддатини тегишли тартибда ўз ҳудудидаги пробация хизматида ўтайди.

ТУЛКИН ТУРАКУЛОВ,

Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди раиси