Ота-оналик ҳуқуқидан чекланиш қандай оқибатларга олиб келади?
Юртимизда азал-азалдан оила муқаддас ҳисобланади ва уни ватан ичидаги кичкина ватанга қиёсланади. Бизга маълумки, ҳар бир оилада ота-онанинг ўрни ўзига хос хусусиятга эгадир. Бизнинг халқимиз болажон халқ бўлиб, ота-оналар ўз фарзандларини руҳий, маънавий ҳамда ахлоқий жиҳатдан камол топишида ўз хиссаларини қўшадилар.
Аммо, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, айрим ота-оналар ўз фарзандларининг таълим-тарбияси ва келажаги учун бефарқлигини кўрамиз.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 83-моддасига кўра, суд боланинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ота-онани ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилмай туриб, болани ота-онадан (уларнинг биридан) олиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариши (ота-оналик ҳуқуқини чеклаши) мумкин.
Шунингдек, болани ота-она (улардан бири) билан қолдириш ота-онага (улардан бирига) боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра (руҳиятнинг бузилиши ёки бошқа сурункали касаллик, оғир ҳолатларни бошдан кечириш ва бошқалар) бола учун хавфли бўлса, ота-оналик ҳуқуқини чеклашга йўл қўйилиши қатъий белгиланган.
Агар болани ота-она (улардан бири) билан қолдириш оқибатида ота-онанинг хулқ-атвори бола учун хавф туғдирса, ота-онани (улардан бирини) ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун эса етарли асослар аниқланмаган тақдирда ҳам ота-оналик ҳуқуқини чеклашга йўл қўйилади. Агар ота-она (улардан бири) ўз хулқ-атворини ўзгартирмаса, васийлик ва ҳомийлик органи суд томонидан ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги ҳал қилув қарори чиқарилгандан кейин олти ой ўтгач, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида даъво тақдим этиши шарт. Васийлик ва ҳомийлик органи боланинг манфаатларини эътиборга олиб ота-онани (улардан бирини) бу муддат ўтмасдан туриб, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида даъво тақдим этишга ҳақлидир.
Ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги даъво боланинг яқин қариндошлари, вояга етмаган болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбурияти қонун билан зиммасига юклатилган органлар ва муассасалар, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим муассасалари ва бошқа муассасалар, шунингдек прокурор томонидан тақдим этилиши мумкин.
Ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги ишлар прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида кўрилади.
Ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги ишларни кўришда суд ота-онадан (уларнинг биридан) боланинг таъминоти учун алимент ундириш масаласини ҳал қилади.
Бундан ташқари, ушбу кодекснинг 84-моддасига кўра, “Ота-оналик ҳуқуқи чекланган ота-она болани шахсан тарбиялаш ҳуқуқидан, шунингдек болали фуқаролар учун қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар ва нафақалар олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади” деб белгиланган.
Шу каби, ота-оналик ҳуқуқининг чекланиши ота-онани болага таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди.
Ота-онаси (улардан бири)нинг ўзига нисбатан ота-оналик ҳуқуқи чекланган бола турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини ёки турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади, шунингдек ота-она ва бошқа қариндошлари билан туғишганлик фактига асосланган мулкий ҳуқуқларини, шу жумладан мерос олиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Ота-она иккаласининг ота-оналик ҳуқуқи чекланган тақдирда бола васийлик ва ҳомийлик органи қарамоғига олиб берилади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Бош қомусимиз ҳисобланган Конститутциямизда ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар деб кўрсатиб ўтилганлигини ҳеч биримиз ёддан чиқармаслигимиз лозим.
МАНСУР АБДУРАХМАНОВ,
Сурхондарё вилоят суди судьяси