“Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга оид қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги муносабати билан Олий суд Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди”

Бугунги кунда мамлакатимизда оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш, уларнинг фаровонлик даражасини ошириш, шунингдек хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ролини кучайтириш учун мустаҳкам асослар яратилган.

Хусусан, оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга оид Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши муносабати билан  моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги 2011 йил 20 июлдаги 06-сонли қарорига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Пленум қарорининг 15-бандига кўра, суд эр ва хотиннинг ёки улардан бирининг аризасига кўра, ярашиш учун берилган муҳлатни жиддий асослар мавжуд бўлган ҳолларда қисқартиришга ва ишни бу муҳлат тугагунга қадар кўришга ҳақли. Агар аризада шахснинг оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланганлиги асос сифатида кўрсатилиб, бу ҳақда суд ҳужжати тақдим этилса, суд ярашиш учун берилган муҳлатни қисқартиради ва ишни кўришга тайинлайди. Ярашиш учун берилган муҳлатни қисқартириш тўғрисидаги масала суд мажлисида тарафларни хабардор қилган ҳолда ва ажрим чиқариш йўли билан ҳал этилади.

Шунингдек, Пленум қарори 151-банд билан тўлдирилди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 40-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, суд оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахснинг талабига кўра ярашиш учун муҳлат тайинламайди. Тушунтирилишича, никоҳ эркак ва аёлнинг ўзаро биргаликда яшаш ва оила қуришга қаратилган иттифоқи ҳисобланиши сабабли оилавий (маиший) зўравонлик ҳолати фақатгина эр ёки хотин томонидан содир этилган бўлиши лозимлиги эътиборга олиниши, бунда оиланинг бошқа аъзолари томонидан зўравонликка йўл қўйилганлиги ярашиш учун муҳлат тайинламасликка асос бўлмаслиги, ярашиш учун муҳлат тайинламасдан никоҳдан ажратиш ҳақидаги талаб оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахснинг даъво аризасида, шунингдек суд муҳокамаси давомида тақдим этилган ёзма аризасида кўрсатилиши мумкинлиги,   оилавий (маиший) зўравонлик деб – Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 592-моддаси ва Жиноят кодексининг 1261-моддасида назарда тутилган қилмишлар тушунилишига судларнинг эътибори қаратилиши, шахснинг оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланганлиги маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ёки жиноят иши бўйича чиқарилган суд ҳужжати билан тасдиқланиши боис, суд бундай ҳолатни текширишда маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноий қилмиш юзасидан қонуний кучга кирган суд ҳужжати мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаши ҳамда уни талаб қилиб олиши лозимлиги, муқаддам Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 592-моддаси ва Жиноят кодексининг 1261-моддасида назарда тутилган қилмиш содир этилгандан сўнг тарафлар оилавий муносабатларни давом эттириб, кейинчалик улардан бири судга никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво ариза билан мурожаат қилган ва оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган тараф муддат тайинламасдан никоҳдан ажратиш талабини илгари сурган бўлса, суд эр-хотин бирга яшаган даврида зўравонлик ҳолати қайта содир бўлган ёки бўлмаганлигини текшириши ва бу ҳолатга бошқа далиллар мажмуи билан баҳо бериши лозимлиги,  арз қилувчига ҳимоя ордери берилганлигининг ўзи тарафларга ярашиш учун муҳлат бермасликка асос бўлмаслиги бунда, судларнинг эътибори ҳимоя ордерининг мавжудлиги оила барбод бўлган деб ҳисоблаш учун етарли асос бўлмаслиги ва мазкур ҳолатга ҳам ишдаги бошқа далиллар мажмуи билан биргаликда баҳо берилиши лозимлигига қаратилиши  белгиланган.

СОХИБ РАХИМОВ,

Сурхондарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси