Оиладаги зўравонликларни олдини олиш ва жабрланганларга амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда бу борадаги қонунчиликни тушунтириш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди
Конституциямизда барча фуқароларнинг бир-хил ҳуқуқ ва эркинликларга эгалиги, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги, ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги, ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эгалиги, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши жамиятда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлигини ифода этиш билан бирга барча фуқароларга бурчлари сифатида Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбур эканликлари белгилаб берилган.
2021 йил 22 июнь куни Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди раиси С.Аллабердиев, судья А.Холмуминов, фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди судьяси М.Аллаярова, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари С.Валиева, туман ИИБ катта инспектори, подполковник И.Полвановалар иштирокида туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими биносида “Оиладаги зўравонликларни олдини олиш ва жабрланганларга амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда бу борадаги қонунчиликни тушунтириш” мавзусида туман хотин-қизлари билан давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбати давомида йиғилганларга Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрдаги ЎРҚ-561-сонли, “Хотин-Қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрь кунидаги ЎРҚ-562-сонли Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 4-январь кунидаги 3-сонли, 2021 йил 28 апрелдаги “Моддий ёрдам кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларининг мазмун-моҳияти, қайси омиллар ушбу қонун ва қарор ҳужжатларини давлат сиёсатининг устувор вазифаси даражасида қабул қилиш заруратини туғдирганлиги, шунингдек ушбу қонун ва қарорларни амалда татбиқ этиш орқали оиладаги тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини кескин камайтариш ва хотин-қизлар жабр кўришини олдини олиш, “Аёллар дафтари”га киритилган аёлларнинг муаммоларини ўрганиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва оиладаги мавқеларини ошириш, янги барқарор оилаларни вужудга келтириш, хотин-қизларга ҳуқуқий, моддий ва тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш, оиладаги зўравонликларни олдини олиш ва қонун устуворлигини таъминлашга эришиш асосий мақсад этиб белгиланганлиги тўғрисида тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, давра суҳбатида давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 4-январь кунидаги 3-сонли қарори билан тасдиқланган Низомлар қоидалари, яъни тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ҳимоя ордери ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш, ҳимоя ордери бериш муддатини узайтириш, тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларнинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтиши тартиби, ҳимоя ордерининг шакли, ҳимоя ордери талабларини ижро этиш муддатларига амал қилиш ва ижроси устидан назорат юритишга оид тадбирларни ўтказиш, субъектларнинг ўзаро муносабатлари, ордер нусхасини жабрланган хотин-қизга ҳамда зўравонлик содир этган шахсга бериш тартиблари тўғрисида кенг тушунтириш берилди.
Тадбир давомида туман ИИБ профилактика инспекторлари томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган икки нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилиши таъминланди. Бундан ташқари, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг саволларига жавоб ва тушунтиришлар берилди.
Аббос Холмуминов, Қумқўрғон туманлараро
иқтисодий суди судьяси
М.Холбеков, Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судья ёрдамчиси