ОДИЛ СУДЛОВ – АДОЛАТЛИ ЖАМИЯТ ПОЙДЕВОРИ

Жамиятимизда одил судлов тизимида амалга оширалаётган ислоҳатлар замирида фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари тикланмоқда. Хусусан, электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш каби маъмурий ва жиноий ҳаракатларга ҳуқуқий баҳо беришда суриштирув ва тергов органларининг йўл қўйган хато ва камчиликлари  бартараф этилмоқда.

Дастлабки тергов органи томонидан айбланувчи Машраб Аллаев (исм фамилиялар ўзгартирилган) Бойсун туманидаги “Элбек Бахром” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси вазифасида ишлаб келиб, “Хўжамайхона-Бойсун” магистрал ичимлик суви қувури тармоғига ноқонуний равишда ўзбошимчалик билан уланиб, ўзи бошқариб келаётган фермер хўжалигига қарашли бўлган дала ер майдонларига сувни ишлатиб, 17.03.2023 йилда ўтказилган рейд тадбирига асосан берилган хулосасига кўра, “Сурхондарё сув таъминоти” МЧЖ манфаатларига жами 116.457.360 сўмлик кўп миқдорда зарар етказилганликда айбланган.

Бироқ, жиноят ишни судда кўриш жараёнида тўпланган далилларда айбланувчи Машраб Аллаевнинг айбсизлиги тўлиқ, ҳар томонлама ва холисона текширилиб, уни оқлаш учун асослар етарли бўлгани сабабли жиноят ишлари бўйича Бойсун туман судининг 2024 йил 5 январь кунидаги ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 1852-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб топилиб, унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Жиноят-процессуал Кодексининг 83-моддаси 2-қисми билан оқлов ҳукми чиқарилган.

Мазкур суднинг ҳукмига нисбатан туман прокурори томонидан келтирилган апелляция тартибидаги протестда, суд томонидан иш бир томонлама кўрилганлиги, шу сабабли жиноят ишини Жиноят-процессуал кодекси 416-417-моддалари тартибида айблов хулосасини тасдиқлаган прокурорга юбориш лозимлиги, айбланувчи томонидан сувни ҳисобга олиш асбобларининг йўқ  қилинганлигига ҳуқуқий баҳо берилмаганлиги сабабли суд ҳукмини бекор қилиб, судланувчига айблов ҳукми чиқариш сўралган.

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2024 йил 12 июнь кунидаги ажрими билан биринчи босқич судининг ҳукми ўзгаришсиз, келтирилган апелляция протести қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Тарафларга келгусида ушбу ажрим юзасидан тафтиш тартибида шикоят ёки протест келтириш ҳуқуқи тушунтирилиб, фуқаронинг қонуний ҳуқуқлари одил судлов томонидан тикланди.

Зеро, янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг 20-моддасида “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади” деб кўрсатилган. Шу жиҳатдан мазкур нормаларга амал қилган ҳолда “Одил судлов – адолатли жамият пойдевори” таъмойили асосида фуқароларнинг қонун билан бузилган ҳуқуқлари тўлиқ тикланмоқда.

БОТИР НОРМУРОДОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси