Одам савдоси, хусусан чақалоқ савдосига қарши курашиш

Бугунги кунга келиб асримизнинг жиддий муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш халқаро, минтақавий, кўп ва икки томонлама муносабатларни талаб этмоқда. Ҳозирга қадар жиноятчиликнинг ушбу турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир қатор халқаро тавсиявий ва мажбурий характерга эга ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар доирасида ушбу хавфга қарши дунё миқёсида тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

«Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланишга қарши кураш тўғрисида»ги Конвенция (1949), «Қуллик ва қул савдосини, қулликка ўхшаш институтлар ва одатларни бекор қилиш тўғрисида»ги қўшимча Конвенция (1956), «Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш ҳақида»ги Конвенцияни тўлдирувчи «Одамлар, айниқса, аёллар ва болалар савдосини тўхтатиш, олдини олиш ва унинг учун жазо тўғрисида»ги баённома (2000) бу борада дастурий ҳужжат вазифасини ўтамоқда.

Одам савдосига қарши курашиш юзасидан давлатлараро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида 2005 йили МДҲ доирасида «Одам савдосига қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни кучайтириш тўғрисида»ги келишув,
2006 йилда саккиз аъзо мамлакат доирасида «Одам савдосига қарши курашнинг 2007–2010 йилларга мўлжалланган дастури» қабул қилинган эди.

Афсуски, дунё бўйлаб шунча кенг қамровли фаолият, тегишли тарғибот-ташвиқот олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар «замонавий қуллик», яъни одам савдоси қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлиги ачинарли. Ушбу жиноятнинг ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардан бири одамларнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигидир. Ачинарлиси, ўзга давлат, бегона бир муҳитга тушиб қолганлар мўмай даромад илинжида оғир жисмоний меҳнатга ёлланмоқда, аёллар эса тубан ва фаҳш ишларга мажбур этилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 миллион 700 минг киши одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноятчилик натижасида олинаётган йиллик даромад миқдори 7 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган. Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёл ва болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600–800 минг нафар аёл ва болалар алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.

Одам савдоси – куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шаклларини, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатларни, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишни англатади.

Ўтган асрдан йигирма биринчи асрга трансмиллий ташкилий жиноятчиликнинг учта энг хавфли тури «мерос» бўлиб ўтди. Уларнинг биринчиси – халқаро терроризм ва дин ниқоби остидаги зўравонлик руҳи, куч ишлатиш, яъни экстремистик, фундаменталистик, сепаратистик хуружлар, иккинчиси – наркобизнес ёки нарко-траффик билан шуғулланаётган жиноий уюшмалар, учинчиси – одам савдоси билан шуғулланувчи йирик-йирик жиноятчи ташкилотларнинг йилдан-йилга кучаяётганидир.

2020 йил 17 август куни президент Шавкат Мирзиёев томонидан янги таҳрирдаги «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги» қонун имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан 2008 йил
29 августда «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни маъқулланиб, амалдаги Жиноят кодекси
135-моддасининг янги таҳрири қабул қилинди ва ушбу модда мазмун ва моҳият жиҳатдан тубдан такомиллаштирилди.

Ушбу модданинг аввалги номи «Одамлардан фойланиш учун уларни ёллаш» деган таҳрирда белгиланган эди. Жиноят кодекси 135-моддасининг аввалги таҳририда фақатгина одамлардан фойдаланиш учун уларни ёллаш учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган одам савдоси билан боғлиқ жиноий қилмишларнинг барчасини комплекс тарзда қамраб олмас эди. Шу сабабли, у шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини тўлиқ  муҳофаза қилишга имкон бермас эди.

Ушбу жиноят бошқа жиноятлар билан биргаликда содир этилганда, жиноятлар жами тариқасида квалификация қилинади.

Мазкур қилмишларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси юқори эканлиги, жамият аъзоларининг соғлиғи, ҳаёти ва бошқа ҳуқуқларига тажовуз қилиниши, айниқса ёшларнинг ахлоқига салбий таъсир кўрсатиши эътиборга олиниб, жазо чоралари ҳам кучайтирилди.

Одам савдосига қарши курашишда аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида ушбу иллатнинг хавфи ва оқибатлари ҳақида тушунтириш олиб бориш, фуқароларни бу борада вазиятдан огоҳ этиш ҳамда хабардорлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда ушбу мавзуга бағишланган давра суҳбатлари, конференция, илмий амалий анжуманлар ўтказилиб келинмоқда, аҳолининг бу борада ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида фойдаланиш учун қулай бўлган ўқув услубий қўлланмалар нашр этилиб тарқатилмоқда.

Одам савдосини олдини олиш учун кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда тарғибот ва ташвиқот ишларини янада жадаллаштириш, маҳалаларда фаолият кўрсатаётган диний- маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазаси, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш ишларини кучайтириш зарур.

Қайд этиш лозимки Республикамизда фуқароларнинг хорижда меҳнат қилишини ташкил этишга доир ҳуқуқий асослар яратилган бўлиб, улардаги асосий талаблардан бири – бу  хорижга юборилиши кўзда тутилаётган фуқароларнинг муайян давлат ҳудудида ижтимоий ҳимоясининг таъминланиши, барча ижтимоий кафолатлар ва тиббий суғуртанинг мавжудлигидир.

Одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш бугунги кунда долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунга кўра, одам савдосидан жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш, шунингдек уларнинг одам савдосига қайта жалб этилиши хавфининг олдини олиш мақсадида идентификация қилинади.

Шунингдек, қонунда одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослашувини таъминлаш тартиби белгиланиб, улар, жумладан, қуйидагиларни ўз ичига олади:

-ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштириш даврида моддий ёрдам кўрсатишни;

-вақтинчалик уй-жой, озиқ-овқат, санитари-гигиена воситалари билан, зарур ҳолларда эса кийим-бош, пойабзал ва бошқа зарур ашёлар билан таъминлашни;

-ишга жойлашишда, таълим олишда, касбий жиҳатдан йўналтиришда ва касбга тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлашда ёрдам кўрсатишни;

-ижтимоий жиҳатдан қайта интеграцияга, шу жумладан қариндошларни излашида ёрдам кўрсатишни.

Шу билан бирга, одам савдосидан жабрланганлар тўғрисидаги ҳамда уларга нисбатан содир этилган ҳолатлар ҳақидаги ахборот, шунингдек кўрилган хавфсизлик чоралари тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилмаслиги белгиланди.

Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган барча ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад – инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқларини олий қадрият сифатида эъзозлашдир.

Шундай экан, трансмиллий хусусият касб этган, яъни ҳудуд ва чегара танламас жирканч иллат – одам савдосига қарши кескин кураш олиб бориш барчамизнинг муҳим вазифамиздир.

Одил Нормаҳматов

Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси