Никоҳнинг тугатилиши асослари ва тартиби қандай?

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексида никоҳнинг тугатилиши асослари ва тартиби белгилаб ўтилган.

Унга кўра, эр-хотиндан бирининг вафоти ёки суд улардан бирини вафот этган деб эълон қилиши оқибатида никоҳ тугайди.

Никоҳ эр-хотиндан бири ёки ҳар иккаласининг аризасига мувофиқ никоҳдан ажратиш йўли билан, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган эр ёки хотиннинг васийси берган аризага мувофиқ тугатилиши мумкин.

Никоҳдан ажратиш суд тартибида, ушбу Кодекснинг 42 ва 43-моддаларида назарда тутилган ҳолларда эса, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида амалга оширилади.

Хотинининг ҳомиладорлик вақтида ва бола туғилганидан кейин бир йил мобайнида эр хотинининг розилигисиз никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга ҳақли эмас.

Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Суд ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли.

Суд эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаб, ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак.

Суд оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахснинг талабига кўра ярашиш учун муҳлат тайинламайди.

Агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади.

Вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажратишга ўзаро рози бўлсалар, улар никоҳдан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида ажратилади.

Эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш тўғрисида ёки уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо бўлган тақдирда эр-хотин ёки улардан бири никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли.

Агар эр-хотиндан бири:

-суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган бўлса;

-суд томонидан руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса;

-содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, ўртада вояга етмаган болалари борлигидан қатъи назар, эр-хотиндан бирининг аризасига кўра улар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳдан ажратилади.

Агар болалар ҳақида, эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мол-мулкини бўлиш ҳақида ёки ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр (хотин)га таъминот бериш учун маблағ тўлаш ҳақида низо мавжуд бўлса, улар никоҳдан суд тартибида ажратилади.

Никоҳдан суд тартибида ажратилаётганда эр ва хотин вояга етмаган болалари ким билан яшаши, болаларга ва (ёки) меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож эр ёки хотинга таъминот бериш учун маблағ тўлаш тартиби, бу маблағнинг миқдори ёхуд эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишга доир келишувни кўриб чиқиш учун судга тақдим қилишлари мумкин.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган масалалар бўйича эр ва хотин ўртасида келишув бўлмаган тақдирда, шунингдек ушбу келишув болалар ёки эр-хотиндан бирининг манфаатларига зид эканлиги аниқланган тақдирда суд:

-никоҳдан ажратилгандан кейин вояга етмаган болалар ота-онасининг қайси бири билан яшашини аниқлаши;

-вояга етмаган болаларга таъминот бериш учун ота-онанинг қайси биридан ва қанча миқдорда алимент ундирилишини аниқлаши;

-эр ва хотиннинг (улардан бирининг) талабига кўра уларнинг биргаликдаги мулки бўлган мол-мулкни бўлиши;

-эр (хотин)дан таъминот олишга ҳақли бўлган хотин (эр)нинг талабига кўра ана шу таъминот миқдорини белгилаши шарт.

Мол-мулкни бўлиш учинчи шахсларнинг манфаатига дахлдор бўлган ҳолларда суд мол-мулкни бўлиш талабини алоҳида иш юритиш учун ажратади.

Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганида тўйни ўтказишга кетган сарф-харажатларни ундириш ҳақидаги талаблар қаноатлантирилмайди.

Суд никоҳдан ажратиш ҳақида ҳал қилув қарорини чиқариш пайтида никоҳдан ажратиш тўғрисидаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органининг гувоҳномаси берилаётганда эр-хотиннинг ҳар иккаласи ёки улардан бири тўлайдиган давлат божи миқдорини белгилаши лозим. Агар суд бу божни эр-хотиннинг ҳар иккаласидан ундиришни лозим деб топса, уларнинг ҳар бири тўлайдиган бож миқдорини белгилайди.

Никоҳга кириш вақтида ўз фамилиясини ўзгартирган эр (хотин) никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам шу фамилияда қолишга ҳақли ёхуд унинг хоҳишига биноан суд томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги қарор чиқарилаётганда унга никоҳгача бўлган фамилияси қайтарилиши мумкин.

Таъкидлаш лозимки, никоҳ турли сабабларга кўра тугатилиши мумкин, яъни, эр-хотиндан бирининг вафоти ёки суд улардан бирини вафот этган деб эълон қилиши оқибатида, никоҳ эр-хотиндан бири ёки ҳар иккаласининг аризасига мувофиқ никоҳдан ажратиш йўли билан, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган эр ёки хотиннинг васийси берган аризага мувофиқ тугатилиши мумкин. Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органида никоҳдан ажратилганлик рўйхатга олинган кундан бошлаб тугатилган ҳисобланади, суд томонидан вафот этган деб эълон қилинган ёки бедарак йўқолган деб топилган эр (хотин) қайтиб келган ва тегишли суд қарорлари бекор қилинган ҳолларда, никоҳ эр-хотиннинг биргаликдаги аризасига кўра фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи томонидан тикланиши мумкин, агар эр (хотин) янги никоҳга кирган бўлса, никоҳни тиклаш мумкин эмас.

БЕХРУЗ АВАЗОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси