НИКОҲДАН АЖРАТИШ ҚАНЧА МУДДАТГА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ?

Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексида никоҳ тузиш тартиби ва никоҳдан ажратиш тартиби белгиланган.

Никоҳ – фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади.

 Шунингдек, Оила кодексининг 14-моддасига кўра,  никоҳ тузиш ихтиёрийдир. Никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак. Никоҳ тузишга мажбур қилиш тақиқланади.

Никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун ўн саккиз ёш этиб белгиланади.

Бундан ташқари,Оила кодексида никоҳнинг тугатилиши, никоҳдан ажратиш тартиби белгиланган.

 Эр-хотиндан бирининг вафоти ёки суд улардан бирини вафот этган деб эълон қилиши оқибатида никоҳ тугайди.

Никоҳ эр-хотиндан бири ёки ҳар иккаласининг аризасига мувофиқ никоҳдан ажратиш йўли билан, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган эр ёки хотиннинг васийси берган аризага мувофиқ тугатилиши мумкин.

Никоҳдан ажратиш суд тартибида ва Оила кодекснинг 42 ва 43-моддаларида назарда тутилган ҳолларда (вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажратишга ўзаро рози бўлсалар, агар эр-хотиндан бири суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган бўлса, суд томонидан руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса) эса, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида амалга оширилади.

 Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Суд ишнинг кўрилиши жараёнида эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли.

Суд эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаб, ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак.

Оила муқаддаслиги боис маҳалла, оила ва хотин-қизлар ташкилотлари, бутун жамоатчилик томонидан ажрим ёқасига келган оилаларни тиклаш, яраштириш чоралари кўрилади.

Оилани яраштириш ва сақлаб қолиш чоралари кўрилгандан кейин, кодекснинг 41-моддасига кўра, агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади.

Юқорида никоҳдан ажратиш ҳақида сўз юритдик, аммо таъкидлаш жоизки судлар энг аввало оила тўғрисидаги қонунчилик вазифаларидан келиб чиқиб, қонунда назарда тутилган ҳамда оилани мустаҳкамлаш, эр-хотин ва уларнинг болалари ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган барча чораларни кўришлари лозим.

Мансур Абдурахманов

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси