МУЛК ДАХЛСИЗ ВА У ҚОНУН ҲАМДА ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА
Сўнгги йилларда фуқароларнинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ҳар қандай инсон учун энг муҳим мулк, аввало бу унинг уй-жойидир. Фуқароларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқлари, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда, шунингдек, бошқа халқаро ҳужжатларда ҳам белгиланган бўлиб, ушбу халқаро ҳужжатларда белгиланган қоидалар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳам ўз аксини топган.
Қолаверса, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” Қонуннинг 7-моддасида “Мулкдорнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида мулкдор ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилади, унга мувофиқ қонун ҳужжатларидаги хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар мулкдорнинг фойдасига талқин этилади” деб белгиланган.
Бироқ, ҳозирда ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларнинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқларини бузиб, ўз уй-жойидан мажбурий кўчириш ҳолатлари акс этган видео хабарлар кўпайиб бормоқда.
Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрь кунидаги 911-сонли “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг 1-бандига кўра,
а) давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун, шунингдек, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, шу жумладан, муайян ҳудуднинг архитектура қиёфасини ўзгартириш ва яхшилашга қаратилган давлат дастурлари ҳамда инвестиция ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида ер участкаси ёки унинг бир қисмини олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Кенгашлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига биноан амалга оширилади;
б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларининг олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарори адлия органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлгандагина қабул қилинади;
в) ер участкасини олиб қўйиш ташаббускори ҳамда олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектининг мулкдори ўртасида тузиладиган ерни олиб қўйиш муносабати билан компенсация бериш тўғрисидаги келишув мажбурий тарзда нотариал тасдиқланади;
г) кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилишга олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объекти мулкдорига келишувда, низо мавжуд бўлган ҳолларда эса суд қарорида, белгиланган компенсация тўлиқ тақдим этилгандан сўнг йўл қўйилади;
д) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва ҳокимликларнинг ер участкаларини ажратиб бериш тўғрисида аввал қабул қилинган қарорини бекор қилиш ёки унга ўзгартириш киритиш, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, ҳокимликлар ёки бошқа давлат органи томонидан маъмурий тартиб-таомилларга риоя этилмаганлиги сабабли бекор қилиш ёки унга ўзгартириш киритиш йўли билан ер участкаларини олиб қўйиш тақиқланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сон қарори билан тасдиқланган “Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида” Низомнинг 5-бобида мулкдор ва ташаббускор ўртасида юзага келадиган низо бўйича келишувга эришилмаган тақдирда — ушбу низо суд тартибида кўриб чиқилиши ҳамда ушбу низо бўйича суднинг қарори қонуний кучга киргунга қадар ер участкаси олиб қўйилиши тўғрисидаги қарор ҳамда олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Агарда мулк эгаси суд қароридан норози бўлса, юқори турувчи суд инстанциясига шикоят келтириши мумкин. “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 36-моддасига асосан ижро ҳаракатлари, ижро ҳужжати ёки уни беришга асос бўлган ҳужжат юзасидан, шунингдек рўйхатга олинган мол-мулкни баҳолаш натижалари юзасидан низолашилаётганда — масала мазмунан узил-кесил кўриб чиқилгунига қадар ижро иши юритишни тўхтатиб турилади. Хусусий мулк билан боғлиқ масалаларда масъул мансабдор шахслар юқорида қайд этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қатьий риоя қилиши лозим бўлади. Зеро, хусусий мулк қонун ва давлат ҳимоясида.
Зухриддин Мавлонов
Сурхондарё вилоят суди судьяси