МЕҲНАТ ҲУҚУҚЛАРИ ИШОНЧЛИ ҲИМОЯДА

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасида, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган.

Ҳар бир шахс меҳнат муносабатлари жараёнига киришар экан, унда ўзининг эгаллаб турган мақомига кўра, иш берувчи ёки ходим сифатида меҳнат шартномасининг тарафларидан бири бўлиб ҳисобланади.

Меҳнат муносабатларини амалга ошириш жараёнида турли хил узрли ва узрсиз сабаблар натижасида иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ тушунмовчиликлар юзага келиши мумкин. Бу каби ҳолатларга ҳуқуқий ечим топиш масаласида меҳнат қонунчилиги соҳасида назорат қилувчи ва қонунийликни таъминловчи ташкилотлар хизматига эҳтиёж туғилади.

Мамлакатимизда меҳнат муносабатларини тартибга солиш бўйича ваколатли органлар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси, прокуратура органлари ҳамда фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳисобланади.

Бугунги глобаллашув ва фуқароларнинг ҳуқуқий онг ҳамда ҳуқуқий маданияти юксалиб бориши жараёнларида юзага келаётган меҳнат низоларини тартибга солиш борасида фуқаролик ишлари бўйича судларнинг кўмагига эҳтиёжлар ҳам ортиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процсессуал кодекси 26-моддасининг 1-бандида меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқиш ваколати фуқаролик ишлари бўйича судларга тегишли эканлиги белгиланган.

Шунингдек, ушбу кодекснинг 207-моддаси 2-қисмида меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар йигирма кунлик муддатда биринчи инстанция суди томонидан кўриб чиқилиши лозимлиги белгиланган.

Юқорида келтириб ўтилган қонун нормаларининг мазмун-моҳияти судлар томонидан меҳнат низолари юзасидан бузилган ҳуқуқларни тиклашнинг самаралари механизмларини яратиш мақсадида белгиланган бўлиб, уларнинг моҳияти ушбу турдаги низоларни максимал даражада тезроқ ва сифатли кўриб томомлаш ва суд ҳужжатининг ижросини дарҳол таъминлаш тўғрисида нормалар мавжудлигида кўринади.

Фикримиз сўнгида барча меҳнат муносабатлари иштирокчиларини ташкилот ички-тартиб қоидалари, жамоа шартномаси ҳамда лавозим йўриқномасида белгилаб қўйилган мажбуриятларни виждонан бажаришга чорлаган ҳолда меҳнат қилишга доир ҳуқуқлари бузилган  тақдирда ушбу низо юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судлар бузилган меҳнат ҳуқуларини тиклашнинг ишончли ҳимоячиси эканлигини эслатиб ўтиш лозим деб ҳисоблаймиз.

Дилмурод Жумаев,

Сурхондарё вилоят судининг судья катта ёрдамчиси