МЕҲНАТ ҲУҚУҚЛАРИНГИЗНИ БИЛАСИЗМИ?

Дастлаб меҳнат ҳуқуқи нима эканлигига тўхталиб ўтсак, меҳнат ҳуқуқи ҳуқуқшунослик тармоқлари орасида етакчи ўрин тутади. У ижтимоий меҳнатга оид муносабатларни тартибга соладиган ҳуқуқий норммалар тизимидан иборат. Бу муносабатлар меҳнат бозорига амал қилиш, меҳнатни ташкил қилиш ва уни қўллаш жараёнида намоён бўлади. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши, ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланганлиги белгиланган шунингдек Ўзбекистон Республикасида фаолият олиб бораётган ҳар бир ходимнинг қуйидаги ҳуқуқлари мавжуд:

-Ўз меҳнати учун қонун ҳужжатларида меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланганидан оз бўлмаган миқдорда ҳақ олиш;

-Муддатлари чегараси белгиланган иш вақтини ўрнатиш, бир қатор касблар ва ишлар учун иш кунини қисқартириш, ҳар ҳафталик дам олиш кунлари, байрам кунлари, шунингдек ҳақ тўланадиган йиллик таътиллар бериш орқали таъминланадиган дам олиш;

-Хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган шароитларда меҳнат қилиш;

-Касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

-Иш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига ёки мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш;

-Касаба уюшмаларига ҳамда ходимлар ва меҳнат жамоаларининг манфаатларини ифода этувчи бошқа ташкилотларга бирлашиш;

-Қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш;

-Ўзининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шу жумладан суд орқали ҳимоя қилиш ва малакали юридик ёрдам олиш;

Жамоаларга доир меҳнат низоларида ўз манфаатларини қувватлаш ҳуқуқига эгадирлар. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун иш берувчилар маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

ФАРХОД ХУШБОҚОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси