Меросни эгаллаш
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1145-моддасига кўра, Меросхўр ўзига тегиши лозим бўлган меросни ёки унинг бир қисмини (улушини) олиш ҳуқуқига, агар у кейинчалик меросдан воз кечмаса, ворислик ҳуқуқидан маҳрум этилмаса ва уни меросхўр этиб тайинлаш тўғрисидаги васият фармойиши ҳақиқий эмас деб топилиши натижасида мерос олиш ҳуқуқини йўқотмаса, мерос очилган вақтдан эътиборан эга бўлади.
Мазкур кодекснинг 1146-моддасига кўра, мерос очилган жойдаги нотариус меросхўрнинг илтимосига кўра унга меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома бериши шарт.
Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилади.
Қонун бўйича мерос олинганида ҳам, васиятнома бўйича мерос олинганида ҳам, агар нотариус тегишли мол-мулкка ёхуд бутун меросга нисбатан гувоҳнома беришни сўраб мурожаат этган шахслардан бошқа меросхўрлар йўқлиги тўғрисида маълумотларга эга бўлса, гувоҳнома юқорида кўрсатилган муддат тугамасидан олдин берилиши мумкин.
Фуқаролик кодексининг 1147-моддасида, Меросхўр мерос очилган кундан эътиборан исталган вақтда меросдан воз кечишга ҳақли. Меросдан воз кечиш меросхўр томонидан мерос очилган жойдаги нотариусга ариза бериш орқали амалга оширилади.
Агар ишончномада вакил орқали меросдан воз кечиш ваколати махсус назарда тутилган бўлса, меросдан шу тарзда воз кечилиши мумкин.
Меросдан воз кечиш кейинчалик бекор қилиниши ёки қайтариб олиниши мумкин эмас.
Фуқаролик кодексининг 1148-моддасида, Агар меросхўр васиятнома бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам ворисликка чақирилса, у ана шу асосларнинг бири ёки ҳар иккаласи бўйича ўзига тегишли бўлган меросдан воз кечишга ҳақли.
Меросхўр улушнинг ортиши ҳуқуқи бўйича ўзига тегишли бўлган меросдан, мероснинг қолган қисмига ворисликдан қатъи назар, воз кечишга ҳақли.
Меросхўр меросдан воз кечганида васиятнома бўйича ёки қонун бўйича меросхўрлар жумласидан бўлмиш бошқа шахслар фойдасига воз кечаётганини кўрсатишга ҳақли.
Ушбу моддада назарда тутилган ҳоллардан ташқари мероснинг муайян қисмидан воз кечилишига, меросдан изоҳотлар билан ёки шартлар қўйиб воз кечилишига йўл қўйилмайди.
Фуқаролик кодексининг 1149-моддасида, Васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчи васият мажбуриятидан воз кечишга ҳақли. Қисман воз кечишга, изоҳотлар билан, шартлар қўйиб ёки бошқа шахснинг фойдасига воз кечишга йўл қўйилмайди.
Ушбу моддада назарда тутилган ҳуқуқ айни бир пайтнинг ўзида ҳам меросхўр, ҳам васият мажбуриятини қабул қилиб олувчи ҳисобланган шахснинг меросдан воз кечиш ҳуқуқига боғлиқ бўлмайди.
Агар васият мажбуриятини қабул қилиб олувчи ушбу моддада назарда тутилган ҳуқуқдан фойдаланган бўлса, зиммасига васият мажбурияти юклатилган меросхўр бу мажбуриятни бажаришдан озод бўлади.
Фуқаролик кодексининг 1150-моддасида, Меросни қабул қилиб олган қонун бўйича меросхўрлардан исталган бири мероснинг тақсимланишини талаб қилишга ҳақли.
Меросни тақсимлаш меросхўрларнинг келишувига кўра ўзларига тегишли улушларга мувофиқ, келишувга эришилмаган тақдирда эса, суд тартибида амалга оширилади.
Ушбу модданинг қоидалари барча мерос ёки унинг бир қисми меросхўрларга улушларда муайян мол-мулк кўрсатилмасдан васият қилинган ҳолларда меросни васиятнома бўйича меросхўрлар ўртасида тақсимлашга нисбатан қўлланилади.
Фуқаролик кодексининг 1151-моддасида, Агар меросхўрлар орасида турган жойи номаълум шахслар бўлса, қолган меросхўрлар, васиятномани ижро этувчи (мерос бошқарувчиси) ва нотариус уларнинг турган жойини аниқлаш ҳамда уларни ворисликка чақириш юзасидан зарур чораларни кўришлари шарт.
Агар турган жойи аниқланиб, мерос олишга чақирилган-у, лекин ҳозир бўлмаган меросхўр меросдан воз кечмаган бўлса, қолган меросхўрлар меросни тақсимлаш ниятлари тўғрисида уни хабардор қилишлари шарт. Агар ҳозир бўлмаган меросхўр хабар қилинган пайтдан эътиборан уч ой ичида қолган меросхўрларни меросни тақсимлаш ҳақидаги келишувда иштирок этиш истаги тўғрисида хабардор қилмаса, қолган меросхўрлар ҳозир бўлмаган меросхўрга тегишли бўлган улушни ажратиб, ўзаро келишувга кўра мерос тақсимотини амалга оширишга ҳақлидирлар. )
Агар ҳозир бўлмаган меросхўрнинг турган жойи мерос очилган кундан эътиборан бир йил мобайнида аниқланмаса ва унинг меросдан воз кечиши тўғрисида маълумотлар бўлмаса, қолган меросхўрлар мерос тақсимотини ушбу модданинг иккинчи қисми қоидалари бўйича амалга оширишга ҳақлидирлар.
Ҳомила бўлган, бироқ ҳали туғилмаган меросхўр бўлса, меросни тақсимлаш бундай меросхўр туғилганидан кейингина амалга оширилиши мумкин.
Агар ҳомила ҳолида бўлган, бироқ ҳали туғилмаган меросхўр тирик туғилса, қолган меросхўрлар унга тегишли бўлган мерос улушини ажратган ҳолдагина меросни тақсимлашни амалга оширишга ҳақлидирлар. Мерос тақсимотида чақалоқнинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун васийлик ва ҳомийлик органининг вакили таклиф этилиши лозим.
Фуқаролик кодексининг 1152-моддасида. Агар мерос таркибига кирадиган корхонанинг меросни қабул қилиб олган барча меросхўрлари келишувида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, бундай мерос натура ҳолида тақсимланмайди ва меросхўрларга тегишли бўлган улушларга мувофиқ уларнинг умумий улушли мулкига айланади.
ФК.нинг 1153-моддасида, Мерос очилгунга қадар уч йил мобайнида мерос қолдирувчи билан биргаликда яшаган меросхўрлар мерос тақсимланишида мерос таркибидан уй-жой, квартира ёки бошқа турар жойни, шунингдек уй-жой ашёлари ва рўзғор буюмларини олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўладилар.
Мерос қолдирувчи билан мол-мулкка нисбатан умумий мулк ҳуқуқига эга бўлган меросхўрлар мерос тақсимланишида мерос таркибидан умумий мулк бўлган мол-мулкни асл ҳолида олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўладилар.
Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган имтиёзли ҳуқуқлар амалга оширилганда мерос тақсимотида қатнашаётган бошқа меросхўрларнинг мулкий манфаатларига риоя этилиши лозим. Агар мазкур ҳуқуқларни амалга ошириш натижасида меросни ҳосил қилувчи мол-мулк бошқа меросхўрларга тегишли улушларни бериш учун етарли бўлмаса, имтиёзли ҳуқуқни амалга ошираётган меросхўр уларга тегишли пул ёки мол-мулк товонини тўлаши лозим.
ФК.нинг 1154-моддасида, Меросхўр меросдан воз кечган ёхуд ушбу Кодекснинг 1119-моддасида кўрсатилган ҳолатлар бўйича меросхўрлар орасидан чиқиб кетган тақдирда мероснинг унга тегадиган қисми ворисликка чақирилган қонун бўйича меросхўрларга ўтади ва улар ўртасида меросдаги улушларига мутаносиб равишда тақсимланади.
Агар мерос қолдирувчи барча мол-мулкни ўзи тайинлаган меросхўрларга васият қилган бўлса, мероснинг меросдан воз кечган ёки меросхўрлар қаторидан чиқиб кетган меросхўрга тегишли бўлган қисми қолган васиятнома бўйича меросхўрларга ўтади ва, агар васиятномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, улар ўртасида меросдаги улушларига мутаносиб равишда тақсимланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида баён этилган қоидалар:
агар воз кечган ёки меросхўрлар қаторидан чиқиб кетган меросхўр ўрнига бошқа меросхўр тайинланган;
меросхўр меросдан муайян шахс фойдасига воз кечган;
қонун бўйича ворисликда меросхўрнинг воз кечиши ёки меросхўрлар қаторидан чиқиб кетиши ворисликка кейинги навбатдаги меросхўрларни чақиришга сабаб бўлган ҳолларда қўлланилмайди.
Фуқаролик кодексининг 1155-моддасида Мерос ворислар ўртасида тақсимланишидан олдин мерос қолдирувчининг вафоти олдидан хасталиги туфайли қилинган зарур харажатлар, мерос қолдирувчини дафн этиш харажатлари, меросни эгаллаш, муҳофаза қилиш, бошқариш ва васиятномани ижро этиш, шунингдек васиятномани ижро этувчи ёки меросни бошқарувчига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш тўғрисидаги талаблар мерос ҳисобидан қондирилиши лозим. Бу талаблар мерос қиймати ҳисобидан бошқа барча талаблардан, шу жумладан ипотека ёки бошқа гаров билан таъминланган талаблардан олдин имтиёзли равишда қондирилиши лозим.
Фуқаролик кодексининг 1156-моддасида, Мерос қолдирувчининг кредиторлари васиятномани ижро этувчига (меросни бошқарувчига) ёки меросхўрларга мерос қолдирувчининг мажбуриятларидан келиб чиқадиган ўз талабларини қўйишга ҳақлидирлар. Бу ҳолда меросхўрларнинг ҳар бири ўзига теккан мол-мулкнинг қиймати доирасида солидар қарздорлар сифатида жавобгар бўладилар.
ФК.нинг 1157-моддасида, [СПиТ:
1.Ворислик ҳуқуқи / Эгасиз қолган мол-мулк]
Агар қонун бўйича ҳам, васиятнома бўйича ҳам меросхўрлар бўлмаса ёхуд меросхўрлардан ҳеч қайсиси ворислик ҳуқуқига эга бўлмаса ёхуд уларнинг ҳаммаси меросдан воз кечган бўлса, мерос мол-мулк эгасиз деб ҳисобланади. Мерос мол-мулк мерос очилган жойдаги маҳаллий давлат ҳокимияти органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг аризаси бўйича мерос очилган кундан эътиборан уч йил ўтганидан кейин суднинг қарори асосида эгасиз деб топилади. Мерос мол-мулк, агар уни қўриқлаш ва бошқариш билан боғлиқ харажатлар унинг қийматидан ошиб кетса, кўрсатилган муддат ўтишидан олдин эгасиз деб топилиши мумкин.
Эгасиз мол-мулк у турган жойдаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мулкига ўтади, бу орган мол-мулкдан воз кечган тақдирда, давлат мулкига ўтади.
Судларга мерос мулкка бўлган ҳуқуқ ва уни бўлиш ҳақидаги даъво аризалар билан мурожаат қилинганда, қўйидаги хужжатлар талаб қилиб олиниши лозим.
1.Мерос қолдирувчининг вафот этганлиги тўғрисида гувоҳнома ёки унинг нусхаси;
2. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома,
3 Тарафларнинг меросхўр эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (никоҳ, туғилиш, фарзандликка олганлик гувоҳномалари, оталикни белгилангани ҳақидаги ҳужжатлар;
4. Вафот этганнинг қарамоғида бўлганлиги тўғрисида турар жой органининг маълумоти ва бошқалар);
5. Мерос мулкининг рўйхатга олинганлиги ва қиймати кўрсатилган далолатнома; мерос мулкининг вафот этган шахсга тегишлилиги ҳақида кадастр хужжатлари, олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш, алмаштириш шартномалари, омонат дафтарчалари, ҳисобварағидан кўчирмалар ва бошқа) ҳақидаги ҳужжатларни олади.
Даъво аризалар бўйича давлат божи, мерос мулки ёки даъвогарнинг улуши қийматидан келиб чиқиб белгиланади. Даъво ариза бўйича тўланмаган ёки кам тўланган давлат божи ҳал қилув қарори чиқаришда мерос мулкини қийматидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ворисдан уларнинг улушларига тенг миқдорда ундирилади. Фуқаролик кодексининг 1151-моддаси талабига кўра, мерос қабул қилиш учун муддат татбиқ қилинмайди.
Фуқаролик кодексининг 1147-моддасига мувофиқ, қонун ёки васият бўйича меросхўр ўзининг ворисликка чақирилганини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб олти ой ичида меросхўрлар жумласига кирадиган навбатдаги бошқа шахслар фойдасига меросдан воз кечишга ҳақли. Меросдан воз кечиш, бир неча меросхўрлар фойдасига бўлганда, меросхўр, уларнинг ҳар бирига тегадиган улушни белгилаб бериши шарт. Акс ҳолда, меросдан воз кечган вориснинг мерос мулкидаги улуши барча меросхўрлар фойдасига кечилган ҳисобланиб, уларга тенг тақсимланади. Меросдан воз кечишга қонунда белгиланган муддат ўтганидан сўнг йўл қўйилмайди.
Ворисликка чақирилган Меросхўр меросдан воз кечиш ўрнига ўз улушини бошқа меросхўрга ҳадя қилиш орқали ўтказиш лозим бўлади.
Судлар, мерос мулкидан меросхўрларнинг улушини белгилашда фоиз (25 %, 33 %, 50 %, 66 % ва ҳ.к.) ҳисобида эмас, балки қисм, улушлар (1/4, 1/3, 1/2, ва ҳ.к.)да ҳисоблашлари лозим.
Судларга асосан фуқаролар мерос улушни натура ҳолда бўлиб бериш, улушини тақсимлаб ундириш, васиятномадаги имзо марҳумга тегишли эмаслиги сабабли ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъволар билан судга мурожаат қилишади.
Суд бундай тоифадаги ишларни кўришда судга оид қурилиш техника экспертизаси, хатшунослик экспертизаси ва бошқа тоифадаги экспертизалар тайинлаш йўли билан ишларни ҳал қилиш мумкин.
Джуманазар Бабатов
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси