МАИШИЙ ШОВҚИН УНИ ЖИНОЯТГА ЕТАКЛАДИ
Пора бериш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсига мазкур мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб бевосита ёки воситачи орқали моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш – жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Узунлик Акмал Раимов (исм-фамилия ўзгартирилган) олий маълумотли, 3 нафар фарзандни отаси, боз устига тумандаги умумий ўрта таълим мактабининг бирида ўқитувчи бўлиб ишлайди.
Кунларнинг бирида Акмал иш юзасидан Термиз шаҳрига келади, шаҳарда дўсти-биродарлари билан кўришиб, кечки овқатланишга боради, шу куни кечаси соат 1:30 ларда маст ҳолда Термиз шаҳридаги ўқитувчилар малака ошириш институтига бориб, тунда институт қўриқчиси билан ўзаро тортишиб қолиб, шовқин қилади. Шу вақтда қўриқчи унинг маст ҳолатда эканини ва тинчланишини ҳоҳламаётганини билиб, ички ишлар бўлимига хабар беради, тунги хизматни олиб борувчи жамоат тартибини сақлаш ходимлари келиб уни олиб кетади.
Бу вақтда Акмални ички ишлар ходимлари наркология диспансерига олиб бориб, мастлик ҳолатини аниқлаш учун тиббий текширувдан ўтказишади ва унга тунги вақтда маиший шовқин қилганини тушунтириб, маъмурий баённома расмийлаштириб, жавоб бермоқчи бўлишади, Акмал эса қахрамонлик қилиб ўзининг “Redmi Note 11” русумли қўл телефонини чўнтагидан чиқариб, кузатиб турганида ходимлардан бири эса унинг бўлиб ўтган гап-сўзларни телефонига ёзиб олаётганини пайқаб қолади. Шунда ундан телефонини олиб, аудио ёзувларни ўчиришини айтиб, телефонини хотирасига кирганида, порнографик расмларни борлиги маълум бўлади.
Шу тариқа Акмални қўл телефонини кўздан кечирганида интернет тармоқларидан олинган турли порнографик фото ва видео тасмалар борлиги аниқланади. Сўнг эса ходимлар Акмални хизмат хонасига олиб бориб, телефонни ҳужжатлаштириб олишади ўзига эса ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтирилиб, ҳолат юзасидан тушунтириш хати ёзиб беришни сўрайди. Акмал Раимов тушунтириш хати ёзишдан бош тортиб, шу ҳужжатларни расмийлаштиримаслик ва телефонини қайтариб бериш учун ходимга ҳозир чўнтагида бўлган 200.000 сўмни, эртага яна 800.000 сўм беришни айтиб пора таклиф қилади. Ходим томонидан унга бу ҳаракати билан пора бермоқчи бўлаётганини, пора бериш жиноят эканини, жиноий жавобгар бўлиши мумкинлигини айтса-да, Акмал Раимов қайта-қайта 1 млн. сўм пулни пора сифатида таклиф қилаверади.
Акмалнинг бу қинғир ишидан ходим раҳбариятига билдирги билан мурожаат қилади. 2024 йил 1 апрель куни вилоят Ички ишлар бошқармаси Шахсий хавфсизлик бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Термиз шаҳар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида Акмал Раимов ходимнинг хизмат хонасига келиб, ўзига оид маъмурий ҳужжатларни судга юбормаслик, телефонини қайтиб бериш эвазига 1.500.000 сўм қора рангли целлофан пакетга солинган пулларни ходимга берган вақтида ушланади ва ундан берилмоқчи бўлган пуллар ҳужжатлаштириб олинади.
Бу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят иши доирасида олиб борилган тергов ҳаракатлари якунланиб, иш судга оширилди.
Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди томонидан тумандаги “Янги рўзғор” маҳалласи биносида ўтказилган очиқ сайёр суд мажлисида Акмал Раимов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, унинг 2 (икки) йил муддатга озодлиги чекланади.
Биргина маиший шовқин уни жиноят кўчасига етаклади.
Фикримиз якунида шуни айтиш жоизки, ҳаётда кечаётган воқеа ва ҳодисалар учун ҳар кимнинг ўзи сабабчи бўлади.
ОЙБЕК ЖУМАНОВ,
Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди раиси