Мажбуриятнинг лозим даражада бажарилиши – қўшимча жавобгарликдан озод этади

Республикамизда ҳар бир соҳада кенг миқиёсда ислоҳотлар олиб борилаётганлигини таърифлаб, уларга алоҳида тўхталишнинг ҳожати йўқ. Зеро, қилинаётган ҳар бир ҳаракат ва ислоҳотлар мамлакатимизнинг халқаро нуфузини умум эътироф этилишига замин яратиши билан бир қаторда, юртимиздаги юридик ва жисмоний шахсларнинг шу билан биргаликда инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг ўз мақсад ва вазифаларини тўла-тукис руёбга чиқариши учун қўйилаётган пойдевордир.

Ҳар бир тадбиркор ёки бошқа бир хўжалик юритувчи субъект энг аввало ўз фаолиятини фойда олишни мақсад қилиб олиб боради.

Лекин, шу билан бир қаторда айрим тадбиркорлар борки ўз фаолиятида зиммаларига олган мажбуриятларини бажармаслиги натижасида бошқа бир тадбиркорга моддий ёки маънавий зарар етказиши айни ҳақиқатдир.

Жамиятимизда, умум эътироф этилган қоидаги кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса – иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши кераклиги, шу билан бир қаторда, мажбуриятни бажаришдан бир томонлама бош тортиш ва шартнома шартларини бир томонлама ўзгартиришга йўл қўйилмаслиги Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 236-237-моддаларида қайд этиб ўтилган.

Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади, хўш шартнома бўйича олинган мажбуриятнинг лозим даражада бажарилмаслигининг ҳуқуқий оқибати нима билан якун топади???

Айтайлик, “А” МЧЖ “Б” МЧЖ билан маҳсулот етказиб бериш ёки бошқа бир шартнома имзолади. Шартноманинг умумий қиймати шартли равишда 100 миллион сўм.

Тарафлар ўртасида шартномавий ҳуқуқий муносабат вужудга келдими, албатта ушбу шартноманинг бажарилиши билан ҳуқуқий муносабат ўз якунига етади ёки тарафларнинг ҳоҳишига кўра давом эттирилади.

Мажбуриятларнинг бажарилиши қонунчилик нормасида неустойка, гаров, қарздорнинг мол-мулкини ушлаб қолиш, кафиллик, кафолат, закалат ҳамда қонун ҳужжатлари ёки шартномада назарда тутилган бошқача усуллар билан таъминланиши мумкинлиги қайд этилган.

Мазкур ҳолатда, юқорида қайд этилган тадбикорлик субъекти ўз мажбуриятини лозим даражада бажармаслиги натижасида, бошқа бир тадбиркорлик субъектига асосий мажбуриятидан ташқари пеня ёки жарима тарзидаги қўшимча тўловларни тўлаши ҳам мумкин бўлиб қолади.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 261-моддасида, қарздор мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ҳолларда тўлайдиган ва, қоида тариқасида, қатъий пул суммасида ҳисобланадиган неустойка жарима ҳисобланиши, қарздор мажбуриятларнинг бажарилишини кечиктириб юборганида тўлайдиган ва ўтказиб юборилган муддатнинг ҳар бир куни учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисмига нисбатан фоиз билан ҳисобланадиган неустойка пеня ҳисобланиши белгилаб ўтилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонуннинг 32-моддаси иккинчи қисмида, етказиб берилган товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақини ўз вақтида тўламаганлик учун сотиб олувчи (буюртмачи) етказиб берувчига ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун кечиктирилган тўлов суммасининг 0,4 фоизи миқдорида, аммо кечиктирилган тўлов суммасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорида пеня тўлаши қайд этилган.

Шу ўринда мазкур ҳуқуқ нормаларини қайд этишдан асосий мақсадимиз ҳар бир хўжалик юритувчи субъект ўз мажбуриятларини лозим даражада бажариши унинг пеня ёки жарима шаклидаги қўшимча тўловлардан озод қилинишига олиб келади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, тадбиркорлик соҳасида ҳалол ва виждонан фаолият олиб бориш унинг ривожланишига ҳамда тараққий этишига замин яратиши ҳам айни ҳақиқатдир.

АБДУЛЛА САФАРОВ,

Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судьяси