КЎП КВАРТИРАЛИ УЙЛАРНИ БОШҚАРИШ ТИЗИМИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси аҳолиси сонининг йилдан-йилга ошиб бориши натижасида урбанизация жараёнлари ҳам жадаллашиб, аҳоли тиғиз жойлашган ҳудудларда кўп қаватли уйларга бўлган эҳтиёж ҳам кун сайин ортиб бормоқда.

Мазкур жараёнларнинг барқарор давом этиши кўп квартирали уйларни бошқариш тизимига замон талабига мос келадиган тартиб-қоидаларни жорий этиб бориш талабини ҳам кун тартибига қўяди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-48-сонли Қарори билан ушбу соҳани тартибга солишга қаратилган бир қатор нормалар белгилаб берилди.

Қарорга кўра, кўп квартирали уйларни таъмирлаш, реконструкция қилиш ва туташ ҳудудларни ободонлаштириш йўналишида марказлашган манбалар ҳисобидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини саралаш ва амалга оширишда қуйидаги тартиб ўрнатилади:

-лойиҳа таклифлари Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларида муҳокама қилиниши ва фақатгина уларнинг қарори билан маъқуллангандан кейин амалга оширилиши шарт;

-шакллантирилган лойиҳа таклифлари бўйича лойиҳаолди тадқиқотлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, кўп квартирали уйларнинг бошқарувчилари, лойиҳа ташкилотлари билан биргаликда ҳар бир ҳудуднинг хусусиятларини инобатга олган ҳолда ўтказилади;

-кўп квартирали уйларнинг туташ ҳудудидаги барча дарахт ва буталар бошқарувчилар томонидан хатловдан ўтказилиб, маълумотлар “Менинг уйим” ахборот биллинг тизимида акс эттириб борилади.

Кўп квартирали уйлардаги марказлашган ичимлик суви истеъмолчиларига дарахт ва буталарни суғориш ишларини ҳисоблагичлар ўрнатган ҳолда сутканинг ҳар қандай вақтида амалга оширишга рухсат берилади.

2026 йил 1 июлдан бошлаб эса:

Тошкент шаҳрида кўп квартирали уйларда умумий йиғилиш ўтказишни ташаббус қилиш, ўтказиш ва қарор қабул қилиш, шартномаларни тузиш, бошқарувчилар томонидан мурожаатларни қабул қилиш ва уларни кўриб чиқиш фақат “Менинг уйим” ахборот биллинг тизимида амалга оширилади, 2027 йилдан бошлаб мазкур тартиб республиканинг барча ҳудудларига татбиқ этилади.

Мажбурий тўловлар ва кўп квартирали уйларда умумий мол-мулкни ижарага ва фойдаланишга беришдан тушадиган тўловлар ҳисоби фақат “Менинг уйим” ахборот биллинг тизими орқали юритилади.

Таъкидлаш жоизки, ўрнатилаётган мазкур тартиблар соҳага инсон омили аралашувини сезиларли даражада камайтириш ва ушбу соҳани рақамлаштириш йўлида ташланган катта қадам бўлиб, кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини онлайн кузатиб бориш ҳамда унинг устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга ҳизмат қилади.

ДИЛМУРОД ЖУМАЕВ,

Сурхондарё вилоят судининг судья катта ёрдамчиси