КУЧЛИ ТАЪСИР ҚИЛУВЧИ ДОРИ ВОСИТАЛАРИНИ СОТГАН ШАХСНИНГ ОЗОДЛИГИ ЧЕКЛАНДИ

ОЧЕРК

Орамизда шундай инсонлар ҳам борки, текин даромад топиш ниятида юради. Фақат эркаклар десак хато бўлади, чунки улар орасида аёллар ҳам бор.

Термиздаги  бозорларнинг бирида анча йиллардан буён савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланувчи Малохат Султонованинг (исм фамилиялар ўзгартирилган) савдоси ишлари яхши эди. Шундай бўлса-да, у негадир жиноий йўл билан моддий даромад кўриш истагида бўлди.

Хусусан, Малохат 2024 йилнинг январь ойида ўзига олдиндан таниш бўлмаган шахсдан “Сибутрамин, флоксетин ва фенолфталеин”, “Fatzorb” ва “Редуксин лайт” номли дори воситаларини келишилган нархда сотиб олади. Шу тариқа у олган дори воситаларини ўзи раҳбарлик қилаётган буюм бозоридаги савдо дўконининг растасига сотиш мақсадида жойлаштиради. Малохатнинг бу ҳаракатларини тезкор ходимлар пайқаб қолади. Шундан сўнг 2024 йил 19 апрель куни тезкор тадбирда таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларининг 3 дона металл қутида бўлган жами 108 дона капсула “Fatzorb” номли ва 1 дона металл қутида бўлган жами 36 дона капсула “Редуксин лайт” номли дори воситаларини тадбирга мижоз сифатида жалб қилинган “Х” исмли шахсга жами 450 минг сўмга сотган вақтда тадбир иштирокчилари томонидан ушланади ва ундан дори воситалари далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинади.

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судида ўтказилган очиқ суд мажлисида Малохат Султонованинг қилмишга лойиқ жазо берилади яъни, унинг 1 (бир) йилга озодлиги чекланди.  

Кўза кунда эмас, кунида синади, деган нақл бежиз айтилмаган. Унинг кучли таъсир қилувчи моддаларни сотиш ҳаракатларига чек қўйилди. Шу маънода қинғир ишлар билан боғлиқ воқелик якунидан судланувчи хулоса чиқариб, жиноят кўчасига қайта қадам босмаслиги учун аччиқ сабоқ бўлса, ажабмас.

АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси