КОРРУПЦИЯ – РИВОЖЛАНИШИМИЗГА ТЎСИҚ

Термиз давлат университетида вилоят суди судьялари, прокуратура, адлия органлари ва ички ишлар бошқармаси масъуллари иштирокида Президентимиз раислигида жорий йилнинг 5 март куни ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижроси таъминлаш мақсадида очиқ мулоқот ўтказилди.
Очиқ мулоқотда университетнинг “Спорт фаолияти ва бошқаруви” факультети ўқитувчи ва талабалари иштирок этиб, кун тартибидаги мавзу юзасидан масъулларнинг фикр ва тушунтиришлари тингланди.


Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган мазкур йиғилишда коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус ваколатли органлар, қолаверса, бошқа вазирлик ва идоралар йўл қўйган камчиликлар кўрсатиб ўтилиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари асосан коррупцияни аниқлаш ва жазолаш билан ишлаб, коррупцион омилларни таг-томири билан йўқотадиган превентив, яъни, коррупцион ҳуқуқбузарликларнинг олдини-олишга қаратилган чораларни эътиборсиз қолдираётгани алоҳида таъкидланди.
Коррупция – бу ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов экани, у халқнинг давлатга, Конституция ва қонунларга бўлган ишончига путур етказиши, барқарор ривожланиш ва хавфсизлик учун жиддий таҳдидга айланиши, коррупцияга қарши курашишда фақат давлатнинг саъй-ҳаракати билан кутилган натижага эришиб бўлмаслиги, бу бутун жамиятимизнинг иши экани ҳам қайд этилди.


Жаҳонда бу иллат ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида давлатларнинг ривожига тўсқинлик қиладиган, одил судлов самарадорлигига салбий таъсир кўрсатадиган ва охир-оқибат фуқароларнинг суд тизими ва давлат идораларига бўлган ишончига путур етказадиган омиллардан бирига айланаётгани сир эмас. Янги Ўзбекистонда эса судьяларнинг мустақиллиги, фақат Конституция ва қонунга бўйсуниши, уларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.
Коррупция – тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноятдир. Бу иллатга қарши курашиш барчамизнинг вазифамиз бўлиши зарур.


Ушбу бўлиб ўтган очиқ мулоқотда коррупциянинг олдини олиш юзасидан таклиф ва фикр-мулоҳазалар эшитилди ҳамда унга қарши курашиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланиши лозимлиги таъкидланди.
ИЛХОМ АБРАЕВ,
Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси