“Коррупцияга қарши курашиш – барчамизнинг бурчимиз”
Тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётган Ўзбекистон учун коррупциянинг ҳар қандай шаклдаги кўриниши ислоҳотлар шиддатини сусайтириши билан хавфли.
Ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди.
Албатта, бажарилган ишлар салмоқли. Аммо биз кечаги қилган ишимизнинг натижасига маҳлиё бўлиб қолсак, эртанги ишимизнинг якуни биз кутганчалик бўлмаслиги табиий.
Шундан келиб чиққан ҳолда иқтисодиётни янада ўстириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш муҳим аҳамиятга эга. Бу эса коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш бўйича янги тизимли чоралар кўрилишини тақозо қилмоқда.
Президентимиз томонидан куни кеча имзоланган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ҳам айни шу мақсадни кўзлагани билан аҳамиятли ҳисобланади.
Коррупция шундай иллатки, уни бир ёки икки идоранинг саъй-ҳаракати билан йўқ қилиб бўлмайди. Қачонки, барча фуқароларимиз, жамият унга қарши биргаликда курашиб, унинг илдизларини йўқ қилишга киришилсагина ижобий натижага эришиш мумкин.
Фармоннинг туб моҳиятига эътибор қаратадиган бўлсак, коррупцияга қарши нафақат ҳуқуқни муҳоза қилувчи идоралар ва давлат ташкилотлари, балки жамоатчилик назорати институти имкониятидан ҳам кенг фойдаланиш белгилаб қўйилганини кўришимиз мумкин.
Биринчидан, фармонда жамоатчилик назоратини олиб боришда муҳим ўрин тутувчи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш алоҳида белгиланган.
Иккинчидан, жойларда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишларнинг ҳолатини комплекс ўрганиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлаб бориш учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг таркибида коррупцияга қарши курашиш комиссияларини ташкил этиш тавсия қилинмоқда.
Учинчидан, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш, ушбу соҳадаги қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш таъкидланган.
Тўртинчидан, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш ва уларни коррупцияга қарши чораларни тайёрлаш, ўтказишда ва ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга жалб қилиш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, фармонда давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириб бориш, уларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш вазифаси белгилаб берилди. Бу норма, албатта, ҳар бир мансабдор шахсдан хулоса чиқаришни талаб этади.
Ваҳоланки, бугун ҳар бир давлат хизматчиси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органлари ходимларининг феъл-атворига Ўзбекистон Республикаси қонунларига бўйсуниш ва уларни ҳурмат қилиш одобини сингдириб бориш ўта муҳим вазифадир. Фармонда назарда тутилганидек, жамиятимизда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилаётган ҳозирги даврда мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий билими ва маданияти даражасига нисбатан алоҳида талаблар ишлаб чиқиш, қонунларга ҳурматсизлик қилган мансабдор шахслар тўғрисида асослантирилган кўрсатувлар, эшиттиришлар ташкил қилиш, мақолалар чоп этиб бориш, уларнинг қилмиши нотўғри эканлигини таъсирчан воситалар орқали кўрсатиб бериш, албатта, ўз самарасини беради.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси жамиятда адолатни таъминлашда коррупцияга қарши курашни ўзининг устувор мақсадларидан деб билади. Шу боис партия сайловолди дастурида коррупцияга қарши кураш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашнинг устувор воситаси сифатида давлат органлари ва ташкилотларининг ҳисобдорлиги ҳамда фаолиятининг шаффофлигини ошириш кўзда тутилган. Президентимиз томонидан имзоланган мазкур фармон билан партиямизнинг юқоридаги ғоялари ҳамоҳанглиги биз учун аҳамиятли бўлиб, айни вақтда фармонда белгиланган вазифаларни ҳаётга самарали татбиқ этиш бўйича масъулият ҳам юклайди.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур фармон жамиятда адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ҳужжат ҳисобланади. Адолат устувор бўлган мамлакатда эса тараққиёт, халқ фаровонлиги, ислоҳотлар самараси таъминланади.
Музаффар Ҳакимов
Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судининг раиси