Коррупцияга йўл қўйган ходимларга нисбатан жазо тайинланди.
Судланувчи Хўжаназаров Тўлқин (исми шарифи ўзгартирилган) 2015 йил 02 ноябрдан 2021 йил 1 апрель кунига қадар Сурхондарё вилоят перинатал маркази бош ҳисобчиси вазифасида ишлаб келиб, мансабдор шахс бўла туриб, ғаразгўйлик ва бошқа манфаатларни кўзлаб, марказ ҳисобчиси Хўшбоқов Олимжон билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ шахслар бўлишиб, “ЎзАСБО” дастурига сохта маълумот ва ёзувлар киритиб, вилоят перинатал марказида 2019-2020 йил ва 2021 йилнинг 30 март кунига қадар марказ билан меҳнат шартномаси бекор бўлган ва марказда ишламаган фуқароларга, ишдан кетган фуқароларнинг пластик карталарини олиб қолиб, шунингдек, уларнинг хабардорлигисиз сохта ҳужжатлар асосида АТБ Қишлоққурилишбанк”нинг Сурхондарё минтақавий филиалидан “Хумо” пластик картлари очириб, жами 771.645.455 сўм иш ҳақлари ва унга тенглаштирилган тўловлар ҳисоблашиб, мавжуд “Хумо” пластик карталардан фойдаланишиб, ушбу пул маблағларини юклаб олиб, ўзларининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб, ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишган.
Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди Хўжаназаров Тўлқин ва бошқаларни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва бошқа моддаларда кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, зарарни қопланмаганлиги сабабли озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Зуфар Нарзиев
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси
Тулкин Абдираимов
Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди раиси