КОНСТИТУЦИЯ – ЭРКИН ВА ФАРОВОН ҲАЁТ ГАРОВИ

Бугун жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди ташаббуси билан тумандаги 1-сонли политехникумида “8-декабрь Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси куни”га бағишланган маърифий-ҳуқуқий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси, туман Адлия бўлими бошлиғи ва политехникум ўқитувчи ҳамда ўқувчилари иштирок этди.



Ташкил этилган ушбу тадбирда дастлаб туман суди раиси А.Холмуминов сўзга чиқиб, 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси янги таҳрирда қабул қилинганлиги, бош қомусимизда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги мақсади, орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганлиги, янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон стратегияси сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берилганлиги, Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатли ҳимоясини таъминлашда умумэътироф этилган “Хабеас корпус” ва “Миранда қоидаси” институтларини конституциявий даражада мустаҳкамланиши тарихий воқеа бўлганлигини билдирди.
Муҳими шундаки, бугунги кунда судлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишда тўғридан-тўғри янги таҳрирдаги Конституциямиз нормаларига мурожаат қилмоқда. Бу эса ўз навбатида, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, “Инсон қадри учун” тамойилини тўлиқ рўёбга чиқариш, фуқароларда Конституциямизга ишонч ва ҳурмат руҳини шакллантиришда муҳим асос бўлмоқда.


Ушбу тадбир давомида туман Адлия бўлими бошлиғи П.Бобомуминов ҳам сўзга чиқиб, халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан қабул қилинган янгиланган Конституциямиз мамлакатимизда энг олий ҳуқуқий кучга эга бўлиб, фуқароларнинг адолатга интилишини янада кучайтиришга, очиқлик ва ошкораликни таъминлаб, жамиятда ҳақиқатнинг асосий мезон бўлишини белгилашга йўналтирилгани эътиборга сазовор эканлшиги, шунга мувофиқ Бош қомусимизда инсон ва унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқлари олий қадрият сифатида ўз ифодасини топганлигини таъкидлади.
Конституция давлатнинг бошқарув тузилмасини яратадиган, давлат, жамият ва инсон ўртасидаги муносабатларни тартибга солиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайдиган асосий қонун саналади. Шу жумладан, бу қонун суд ҳокимиятининг ҳам муҳим жиҳатларини белгилаб беради.

Таъкидлаш керакки, бугунги ташкил этилган тадбирнинг асосий мақсади, ёшларни замонавий қонунчиликка бўлган эътиборини кучайтириш, уларда ҳуқуқий онгни шакллантириш ва ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган муҳим бир қадам бўлди.
АББОС ХОЛМУМИНОВ,
Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси






