КОНСТИТУЦИЯ – ДЕМОКРАТИК ТАРАҚҚИЁТ АСОСИДИР

Бу йилда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 32 йил тўлди. 1992 йил 8 декабрь куни қабул қилинган мазкур тарихий ҳужжат мустақиллигимиз кафолати, давлат ва жамиятимиз тараққиётининг ҳуқуқий асоси сифатида халқимиз ҳаётида алоҳида ўрин тутади.

Конституция давлат бошқаруви ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тартибга солувчи асосий қонундир. Унда халқнинг давлат бошқарувидаги роли, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонун устуворлиги принциплари ўз ифодасини топган. Конституциянинг 2-моддасида, халқ давлат ҳокимиятининг ягона манбаи эканлиги қайд этилган. Бу тамойил ҳар бир фуқаронинг мамлакат бошқарувида фаол иштирок этиши учун ҳуқуқий кафолат яратади.

Конституциявий ислоҳотлар – тараққиётга йўл.

Бу борада сўнгги йилларда Ўзбекистонда Конституциявий ислоҳотлар жадал суръатларда амалга оширилмоқда. 2023 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция халқнинг орзу-умидлари ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда янгиланган.

Жумладан, инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий адолатни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қатор қоидалар мустаҳкамлаб қўйилди. Шунингдек, янги таҳрирда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, хусусий мулкнинг дахлсизлигини кафолатлаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун қонуний асослар янада такомиллаштирилди.

Конституция – тинчлик ва фаровонлик кафолати ҳисобланади.

Ўтган 32 йил мобайнида Конституция давлатимиз мустақиллигини мустаҳкамлашда, жамиятда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилди. Ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий манфаатлари ҳимоя қилинаётгани, қонун устуворлигига қатъий риоя этилаётгани Конституциянинг амалий аҳамиятини яққол намоён этмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бугунги кунда ҳам жамиятимизнинг барча жабҳаларини тараққий эттиришда асосий ҳужжат сифатида ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Унинг нормаларига риоя қилиш, унинг қоидаларини ҳаётга татбиқ этиш ҳар бир фуқаро учун ҳам бурч, ҳам шарафдир. 32 йиллик шонли йўлда босиб ўтилган босқичлар барчамизни янги марраларга илҳомлантиради.

РУХИДДИН ПИРНАЗАРОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро суди судьяси