КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДГА ЭЛЕКТРОН ШАКЛДА МУРОЖААТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 декабрь кунидаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–253-сон Фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармонга кўра, Конституциявий суд фаолиятини такомиллаштиришнинг устувор мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди.

Жумладан:

фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий одил

судловга эришиш, уларнинг бузилган конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш имкониятларини кенгайтириш;

шахсларнинг мурожаатлари (шикоятлари)ни кўриб чиқиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқлар ва оворагарчиликларни бартараф этиш.

Конституциявий судга тўғридан-тўғри мурожаат қилиш ҳуқуқи субъекти бўлмаган фуқаро ёки юридик шахс томонидан Конституциявий судга тааллуқли масала юзасидан йўлланган мурожаат Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектга юборилади.

Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга субъект томонидан шахснинг мурожаатидаги масала Конституциявий судга киритилмаганда муаллифга ушбу масалани киритишга асос мавжуд эмаслиги тушунтирилиб хабар берилади ва Конституциявий судга ахборот тақдим этилади.

Конституциявий шикоят институти бўйича:

муайян иш бўйича суд томонидан қўлланилган қонуннинг Конституциявий суд томонидан Конституцияга мувофиқ эмас деб топилиши суд ҳужжатини ўрнатилган тартибда қайта кўришга;

муайян иш бўйича қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан Конституциявий судга Олий суд томонидан мурожаат киритилиши ҳолатини судда тегишли иш бўйича иш юритувини тўхтатишга асос сифатида белгиланади.

Мазкур Фармонга кўра, 2026-2027 йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини рақамлаштириш дастури тасдиқланди. Унда қуйидагилар назарда тутилди:

суд иштирокчиларини Конституциявий суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида “Суд хабарномаси” электрон хизмати ва ЯИДХП (my.gov.uz)нинг мобил иловаси орқали электрон тарзда хабардор қилиш;

суд мажлислари видеоконференцалоқа режимида, шу жумладан, мобил иловадан фойдаланган ҳолда ўтказилишини таъминлаш;

суд мажлисларини аудиоёзув орқали қайд этиб бориш ҳамда суд мажлиси баённомаларини ушбу тизим ёрдамида шакллантириш.

Шунингдек, 2027 йил 1 августдан Конституциявий суд фаолиятига қуйидаги имкониятларга эга “E-KSUD” ахборот тизими синов тариқасида жорий этилади:

▪️ Конституциявий судга электрон шаклда мурожаат қилиш ва мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиб бориш;

▪️ фуқаролар ва юридик шахсларга одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида интерактив хизматлар кўрсатиш;

▪️ суд мажлисларини жонли эфирга узатиш имкониятини яратиш;▪️ ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур шарт-шароитларни яратиш.

ЖАМШЕД БОБОЕВ,

Сурхондарё вилоят маъмурий суди бош консультанти