КИБЕРЖИНОЯТЛАР ВА УЛАРГА ҚАРШИ КУРАШ

Бугунги кунда ахборот технологиялари жамият ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Интернет тармоғи инсонларга катта имкониятлар яратгани билан бирга, айрим ҳолларда жиноят содир этиш воситасига ҳам айланиб бормоқда. Шу сабабли кибержиноятлар дунё миқёсида энг долзарб муаммолардан бири ҳисобланади.
Кибержиноятлар – ахборот технологиялари, компьютер тизимлари ёки интернет орқали содир этиладиган жиноятлардир. Бундай жиноятлар турли кўринишларда намоён бўлади. Масалан, компьютер тизимларига ноқонуний кириш, банк маълумотларини ўғирлаш, фишинг орқали фирибгарлик қилиш, шахсий маълумотларни тарқатиш ёки давлат ахборот тизимларига ҳужум уюштириш каби ҳолатлар шулар жумласидандир. Шунингдек, зарарли дастурлар ва вируслар тарқатиш ҳам кибержиноятларнинг кенг тарқалган турларидан ҳисобланади. Интернет тармоғининг чегараси бўлмагани каби, кибержиноятлар ҳам муайян ҳудуд билан чекланмайди. Ахборот технологиялари ривожланиб борган сари бундай жиноятларни содир этиш усуллари ҳам тобора мураккаблашиб, янги турлари пайдо бўлмоқда. Ўзбекистонда ҳам киберхавфсизликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимиз қонунчилигида ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, ушбу соҳадаги қонунчилик мунтазам равишда такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида ахборот технологиялари соҳасида жиноятлар алоҳида ХХI-боб сифатида 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни билан янги таҳрирда қабул қилинди ва ушбу боб янги жиноят турлари билан тўлдирилиб келинмоқда.
Жумладан, 2024 йил 19 январдаги ЎРҚ-899-сонли Қонунга асосан ушбу боб 2788-модда, яъни Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш ҳамда 2789-модда, яъни Майнинг фаолиятини қонунга хилоф равишда амалга ошириш каби жиноятлар билан тўлдирилди. Амалдаги Жиноят кодексининг айрим моддаларининг диспозициялари “компьютер техникаси воситаларидан фойдаланган ҳолда”, “қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) ахборот тизимига кириб ҳамда ахборот тизимидан, шу жумладан ахборот технологияларидан фойдаланга ҳолда” деган жиноятлар тушунчалари билан тўлдирилди.
Бундан ташқари, 2022 йил 15 апрелда “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, кибермаконда шахс, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. Шунингдек, ахборот соҳасини тартибга солувчи қатор қонунлар, жумладан “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида” ҳамда “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонунлар ҳам амал қилиб келмоқда. Шу билан бирга, кибержиноятларга қарши курашишда айрим муаммолар ҳам мавжуд. Жумладан, кибержиноятларнинг янги турлари тез пайдо бўлаётгани сабабли қонунчиликни доимий равишда янгилаб бориш талаб этилади. Шу каби, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг техник имкониятларини кучайтириш ва малакали мутахассислар тайёрлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Кибержиноятларнинг олдини олишда фуқароларнинг киберхавфсизлик бўйича билим ва кўникмаларини ошириш ҳам катта аҳамият касб этади. Интернет фойдаланувчилари шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш, шубҳали ҳаволаларга кирмаслик ва номаълум манбалардан файллар юклаб олмаслик каби оддий қоидаларга амал қилишлари зарур.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раҳбарлигида 2026 йил 6 февраль куни ўтказилган мажлиснинг 24-сонли баёнида ҳам айнан шу масалага алоҳида эътибор қаратилгани белгилаб берилган. Ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида суд органлари томонидан аҳоли ўртасида кибержиноятларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот ва тушунтириш ишларини мунтазам равишда амалга ошириш вазифаси юклатилган.
Сўнгги йилларда айрим фирибгар шахслар суд органлари номидан фойдаланиб, турли сохталаштирилган суд ҳужжатлари, ёлғон қўнғироқлар, SMS-хабарномалар ва бошқа электрон воситалар орқали фуқароларни алдаш ҳолатларини амалга оширишга уринаётгани кузатилмоқда. Бундай ҳолатлар фуқароларни чалғитиш, уларнинг ишончидан фойдаланиб моддий манфаат кўриш мақсадида содир этилади. Шу боис аҳолини бундай киберхужумлардан огоҳлантириш, уларга нисбатан эҳтиёткорлик чораларини тушунтириш муҳим аҳамият касб этади.
Хулоса қилиб айтганда, кибержиноятлар бугунги кунда жамият хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётган муаммолардан бири ҳисобланади. Уларнинг олдини олишда қонунчиликни такомиллаштириш, техник имкониятларни кучайтириш, аҳолининг ахборот маданиятини ошириш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.
ХУРШИД УМБАРОВ,
Жиноят ишлари бўйича Бойсун туман суди раиси






