КЕЧИРИМЛИЛИК ВА БАҒРИКЕНГЛИК НАМОЙИШИ

Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман судининг навбатдаги сайёр суд мажлисида 41-сон манзил-колонияси маъмурияти киритган тақдимномалар кўриб чиқилди.

Сайёр судда жазо муддатини ўташ даврида меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, ўрнатилган тартиб-қоидаларига қатъий риоя этган, хулқини ижобий томонга ўзгартириб, содир этган жиноятининг оқибатларини тўла англаб олган ва тегишли хулоса чиқарган 1 нафар маҳкум ўталмай қолган жазо муддатидан инсонпарварлик тамойили асосида Жиноят кодексининг 73-моддасига  асосан муддатидан илгари шартли озод этилган бўлса, яна 6 нафар маҳкумларни ўталмай қолган жазо муддати Жиноят кодексининг 74-моддасига асосан енгилроқ жазо турига алмаштирилиб, манзил-колониясидан озод этилди. 

Кейинги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар қонун устуворлигини таъминлаб, одил судловга эришишга йўналмоқда. Инсон ва одил суднинг ўзаро муносабатларидаги қонунийлик ҳамда адолатни таъминлайдиган ҳаракатлар негизида халқимизнинг осойишта ҳамда ҳаётидан рози бўлиб яшаш ҳуқуқи туради.

Суд тизими йилдан-йилга такомиллашиб, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинаётгани, одил судлов самарали таъминланаётгани сайёр суд мажлисларида ҳам ўз ифодасини топмоқда. 

Мазкур манзил-колонияда ўтказилган сайёр суд мажлисида ҳам халқимизнинг кечиримлилик, бағрикенглик каби юксак фазилатлари кенг намоён бўлди.

Сайёр суд мажлисида манзил-колониясидан озод этилган маҳкумларнинг 6 нафари эндиликда ўз оиласи бағрида яшаб, ўталмай қолган жазо муддатини тегишли тартибда пробация хизматида ўтайди.

ТЎЛҚИН ТЎРАҚУЛОВ,

Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди раиси