ИҚТИСОДИЙ ИШЛАРНИ КЎРИШДА ПРОКУРОРНИНГ ИШТИРОКИ

Сўнги йилларда судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва уларнинг мавқеини оширишга қаратилган чоралар кўрилди. Аксарият қонун ва қонуности ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, президент ҳужжатлари .

Судлар одил судловни амалга ошириш жараёнида тергов ва прокуратура органлари таъсиридан холи бўлиши ҳамда ҳокимиятнинг алоҳида бўғини сифатида мустақил бўлиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 49-моддасига мувофиқ, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларига даъво аризасини (аризани) — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ёки уларнинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига эса – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ёки уларнинг ўринбосарлари тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари Ўзбекистон Республикасининг барча иқтисодий судларига даъво аризаси (ариза) тақдим этишга ҳақли.

Шуни такидлаш жоизки, аввал прокурор барча ишлар бўйича суд мажлисида иштирок этишга ҳақли эди. Бу нормага Ўзбекистон Республикасининг “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2021 йил 12 январдаги ЎРҚ-663-сонли Қонуни билан ўзгартириш киритилди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкин. Прокурор бошқа шахсларнинг аризалари билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикасининг “Прокуратура тўғрисида”ги қонуни (янги тахрири) 33-моддасига кўра, прокурор суд процессининг бошқа иштирокчилари билан тенг ҳуқуқлардан фойдаланиб, судьяларнинг мустақиллиги ҳамда процессуал қонунчилик нормаларига қатъий риоя этиш принципига амал қилиши шарт.

Ишда иштирок этувчи прокурор ишнинг мазмуни бўйича фикрини баён этади, бундан унинг бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга доир даъво аризаси (аризаси) бўйича қўзғатилган ишлар мустасно.

Фуқаронинг, юридик шахснинг ва давлатнинг манфаатларини кўзлаб даъво аризаси (ариза) тақдим этган прокурор даъвогарнинг ҳуқуқларидан фойдаланади ва унинг мажбуриятларини ўз зиммасига олади, бундан келишув битими ёки медиатив келишув тузиш ҳуқуқи мустасно.

Прокурорнинг ўз даъво аризасидан (аризасидан) воз кечиши даъвогарни (аризачини) ишни мазмунан кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.

Прокурор томонидан даъвогарнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида тақдим этилган даъводан даъвогарнинг воз кечиши даъво аризасини (аризани) кўрмасдан қолдиришга олиб келади.

Даъвогар ва жавобгар ўртасида медиатив келишув тузилиши натижасида суд даъво аризасини (аризани) кўрмасдан қолдиради ва бунга қуйидаги суд амалиётини мисол сифатида келтирамиз.

Термиз туманлараро иқтисодий судига Термиз шаҳар прокуратураси даъвогар «HАT» МЧЖ манфаатида даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар СН ХКдан 10 миллион сўм ундиришни сўраган.

Суд мажлисида прокурор тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилганлиги сабабли, суддан даъвони кўрмасдан қолдиришни сўраган. Суд мажлисида даъвогар вакили судга тарафлар ўртасида тузилган медиатив келишувни тақдим этиб, суддан даъвони кўрмасдан қолдиришни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг
131-моддасига кўра, тарафлар низони медиатив келишув битимини тузиб ҳал этиши мумкин.

Медиатив келишув битими даъво тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин ва ИПК 107-моддасининг 1-қисми 53-бандига кўра, тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса, иқтисодий суди даъвони кўрмасдан қолдиради.

Юқоридагиларга асосан, суд Термиз шаҳар прокуратурасининг даъвогар «HАT» МЧЖ манфаатида  жавобгар “СН” ХКга нисбатан киритган даъво аризасини кўрмасдан қолдирган.

Шуни таъкидлаш жоизки, прокурорнинг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишлар бўйича прокурор суд мажлисларида доимий равишда иштирок этиши билан бирга, манфаати кўзланган шахсларнинг ҳам белгиланган муддатда суд мажлисига келишига кўмаклашади.

Судьялар томонидан ишларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилиши халқда миннатдорлик хиссини уйғотиш билан бирга, эътирозларнинг олдини олади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатимизда суд идораларининг мустақиллигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар натижаси ўлароқ, тадбиркорларнинг судга бўлган ишончи ортмоқда ҳамда суд чинакам адолат қўрғонига айланмоқда.

ДИЁР ЖУМАЕВ,

Термиз туманлараро иқтисодий суди раиси