ИШ БЕРУВЧИНИНГ БУЙРУҒИ СУД ТОМОНИДАН ҒАЙРИҚОНУНИЙ ДЕБ ТОПИЛДИ

Маълумки, 2023 йилнинг 30 апрелга қадар амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 93-моддаси 1-қисмига кўра, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишув бўйича вақтинча бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилади.

Мазкур кодекснинг 96-моддаси 1-қисмига кўра, доимий бошқа ишга ўтказиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Бошқа доимий ишга ўтказиш ҳақида буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномасига киритилган ўзгаришлар асос бўлади.

Даъвогар Шохида Ахмедова (исм ва фамилияси ўзгартирилган) жавобгар Республика “Тез тиббий ёрдам маркази” вилоят филиалига нисбатан судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, иш берувчининг 2023 йил 25 январдаги тегишли буйруғини бекор қилишни ва Бойсун тумани тез тиббий ёрдам кўрсатиш катта ҳамшираси вазифасига ишга тиклашни, иш ҳақлари ва маънавий зарар ундиришни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг 2023 йил 2 июндаги ҳал қилув қарорига кўра, даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантирилган.

Аниқланишича, даъвогар Шохида Ахмедова анча йиллардан буён тиббиёт соҳасида ишлаб келиб, 2022 йил ноябрь ойидан бошлаб Бойсун тумани ТТЁБга катта катта ҳамшира вазифасига ишга қабул қилинган.

Иш берувчининг 2023 йил 25 январдаги тегишли буйруғига асосан Шохида Ахмедова 2023 йил 21 январдан бошлаб катта ҳамшира вазифасидан озод этилиб, ўз хоҳишига асосан навбатчи ҳамшира вазифасига ишга ўтказилган. Ушбу буйруққа Ш.Ахмедованинг аризаси асос қилиб олинган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, даъвогар Шохида Ахмедова томонидан ёзилган аризада айнан қайси вазифага ишга ўтказилиши аниқ баён этилмасдан, мавҳум ҳолда кўрсатилган.

Ўз навбатида, иш берувчи томонидан Шохида Ахмедованинг аризасига асосан дастлаб меҳнат шартномасига ўзгартиришлар киритмасдан, вазифасининг ўзгартилганлиги ҳақида тилхат олмасдан, бир вазифадан бошқа вазифага ўтказиб хатоликка йўл қўйган.

Судлар иш берувчининг қистови натижасида Шохида Ахмедова бошқа ишга ўтказиш ҳақида ариза ёзишга мажбур бўлганлиги, катта хамшира ва навбатчи хамшира вазифаларидаги иш ҳақлари кескин фарқ қилиши, унинг узоқ вақт давомида ушбу муассасада фаолият юритиб келганлиги ва оилавий шароити оғир бўлиб, кам иш ҳақи тўланадиган вазифага ўз хоҳиши билан ўтмаганлиги, Шохида Ахмедованинг асосий иш жойидан кетиш истаги бўлмаганлиги ҳолатларини инобатга олиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида тўхтамга келган.

Биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорига нисбатан жавобгар вакили томонидан келтирилган апелляция шикояти вилоят суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, суднинг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, апелляция шикояти эса қаноатлантирилмасдан  қолдирилган.

Бинобарин, Бош қомусимизнинг 54-моддасига асосан “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир.

Шундай экан, суд Шохида Ахмедованинг мурожаатини ижобий ҳал этиш билан бир вақтда унинг бузилган ҳуқуқларини ҳам тиклади.

Шерзод Элиев

Сурхондарё вилоят суди судьяси