ИНТЕЛЛЕКТУАЛ МУЛК НИМА?
Интеллектуал мулк бу – ижодий ақлий фаолият маҳсули. Ихтирочилик ва муаллифлик объекти ҳуқуқи мажмуига кирувчи, фан, адабиёт, санъат ва ишлаб чиқариш соҳасида ижодий фаолиятнинг бошқа турлари, адабий, бадиий, илмий асарлар, ижрочи актёрлик санъати, жумладан овоз ёзиш, радио, телевидение асарлари, кашфиётлар, ихтиролар, рационализаторлик таклифлари, саноат намуналари, компютерлар учун дастурлар, маълумотлар базаси, ноу-хаунинг эксперт тизимлари, товар белгилари, фирма атамалари ва бошқа ақлий мулк объектларига киради. Ҳозирги даврда интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш муҳим вазифа ҳисобланади.
Интеллектуал мулк объектлари қуйидагилар.
1) интеллектуал фаолият натижалари:
-фан, адабиёт ва санъат асарлари;
-ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотларнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришлари;
-электрон ҳисоблаш машиналари (бундан буён матнда ЭҲМ деб юритилади) учун дастурлар ва маълумотлар базалари;
-ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари;
-селекция ютуқлари;
-ошкор этилмаган ахборот, шу жумладан ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хау);
2) фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, товарлар, ишлар ва хизматларнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситалар:
-фирма номлари;
-товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари);
-товарлар чиқарилган жой номи;
3) ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда интеллектуал фаолиятнинг бошқа натижалари ҳамда фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, товарлар ва хизматларнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситалар киради.
Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш уларнинг яратилганлиги туфайли ёхуд ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ваколат берилган давлат органи томонидан ҳуқуқий муҳофаза берилиши натижасида юзага келади.
Ошкор этилмаган ахборотга ҳуқуқий муҳофаза бериш шартлари қонун билан белгиланади.
Интеллектуал фаолият натижаларининг муаллифлари ана шу натижаларга нисбатан шахсий номулкий ва мулкий ҳуқуқларга эга бўладилар.
Шахсий номулкий ҳуқуқлар муаллифга унинг мулкий ҳуқуқларидан қатъи назар, тегишли бўлади ва унинг интеллектуал фаолият натижаларига бўлган мулкий ҳуқуқлари бошқа шахсга ўтган тақдирда унинг ўзида сақланиб қолади.
Фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, товарлар, ишлар ёки хизматларнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситалар (бундан буён матнда – хусусий аломатларни акс эттирувчи воситалар)га нисбатан ҳуқуқ эгаларига бу воситалар борасида мулкий ҳуқуқлар тегишли бўлади.
Муаллифлик ҳуқуқи (интеллектуал фаолият натижасининг муаллифи деб эътироф этилиш ҳуқуқи) шахсий номулкий ҳуқуқ ҳисобланади ва ижодий меҳнати билан интеллектуал фаолият натижасини яратган шахсгагина тегишли бўлади.
Муаллифлик ҳуқуқи бошқа шахсга ўтказилмайди ва берилмайди.
Агар натижа икки ёки ундан ортиқ шахснинг биргаликдаги ижодий меҳнати билан яратилган бўлса, улар ҳаммуаллифлар ҳисобланадилар. Интеллектуал мулкнинг айрим объектларига нисбатан қонунда асарнинг тўлалигича ҳаммуаллифлари деб ҳисобланадиган шахслар доираси чеклаб қўйилиши мумкин.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, интеллектуал мулк объектига нисбатан мутлақ ҳуқуқлар эгасига тегишли мулкий ҳуқуқлар, агар ушбу Кодексда ёки бошқа қонунда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқ эгаси томонидан шартнома бўйича бошқа шахсга тўлиқ ёки қисман ўтказилиши мумкин, шунингдек бу мутлақ ҳуқуқлар мерос бўлиб ва юридик шахс – ҳуқуқ эгаси қайта ташкил этилганда ҳуқуқий ворислик тартибида ўтади. Интеллектуал фаолият натижаларини ва хусусий аломатларни акс эттирувчи воситаларни яратиш ҳамда улардан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома бузилганда мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги умумий қоидалар қўлланилади.
БЕХРУЗ АВАЗОВ,
Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси